Тўрткўл туманида каналга сиғмаган сувлар уйларни босгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати ҳолатга аниқлик киритди.

Ижтимоий тармоқлардаги хабарларда 24 февраль тунги соат 2:00 атрофида туманнинг «Калта минор» ОФЙ 6-бўлимида канал сув босими кўпайиши сабаб ер ўпирилиш юз бергани айтилган. Воқеа сабаб 7−8 та хонадон зарар кўргани ва ҳайвонлар жабрлангани, уй эгалари турар жойсиз қолгани билдирилган.

Вазирликнинг маълум қилишича, шу кунларда республика ҳудудларида шўр ювиш тадбирлари олиб борилмоқда. Аммо айрим жойларда сувдан меъёрдан ортиқ фойдаланиш ҳолатлари учраяпти.

24 февраль тонгги соат 3−4 атрофида Тўрткўл тумани ҳудудидаги «Калтаминар-1» хонадонлараро каналининг 192-пикетидаги қирғоғи (дамбаси)дан сув чиқиб кетиши оқибатида уй ва уй атрофидаги иншоотларга зиён етган.

сув босди, тўрткўл, қорақалпоғистон

Буни бартараф этиш мақсадида ишчи кучлар, махсус техникалар мобилизация қилиниб, соат 7:00 да каналнинг сув чиқаётган ўрни тўлиқ ёпилган. Туман ирригация бўлими балансидаги «Калтаминар-1» канали лойиҳа бўйича 18 метр куб/секунд сув ўтказиш қобилиятига эга бўлиб, ўша куни каналга 13 метр куб/секунд сув очилган. Бу каналга меъёрдан ортиқ сув очилмаганини анлатади.

сув босди, тўрткўл, қорақалпоғистон

Дастлабки маълумотларга кўра, канал бўйини сув ювиб, йиқиб кетиши оқибатида ҳудуддаги 8 хонадоннинг уйлари ва 2,5 гектар экин майдонига зиён етган ва айни вақтда зиён миқдорига аниқлик киритиш ишлари олиб борилмоқда.

Сув босишига канал ёқасидаги кемирувчилар уяси орқали ўпқон олиб, чиқиб кетгани сабаб сифатида кўрилмоқда, бу — дастлабки тахмин. Каналда ўтган йилнинг куз фаслидан буён сув сатҳи ҳозиргидек кўтарилмагани, бу кемирувчиларнинг уя қуришига қулай шароит яратган бўлиши мумкинлиги айтилган.

сув босди, тўрткўл, қорақалпоғистон

Салбий ҳолатнинг юзага келишида ҳудудга бириктирилган сувчиларнинг ўз вазифасига лоқайдлик билан қарагани ёки айрим сув истеъмолчилари (фермер, томорқа ер эгалари)нинг сувни бошқаришда белгиланган меъёр ва талабларга бўйсунмасдан, ўзбошимчалик билан ҳаракат қилганига аниқлик киритилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда сел, кўчки ва сув тошқинлари каби фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича доимий штаб ташкил этилган.