Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеяси 23 февраль, пайшанба куни бўлиб ўтган фавқулодда махсус сессиясида Украинада БМТ низоми тамойилларига мувофиқ, имкон қадар тезроқ «кенг қамровли, адолатли ва мустаҳкам» тинчлик ўрнатиш зарурлиги тўғрисида резолюцияни қабул қилди.

Ҳужжатда Бош ассамблея аъзолари «Россия Федерациясидан ўзининг халқаро тан олинган чегаралари доирасида Украина ҳудудидан барча қуролли кучларини зудлик билан, тўлиқ ва сўзсиз олиб чиқиб кетишни» талаб қилди ва ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақирди, деб хабар берди БМТ ахборот хизмати.

Резолюцияга 141 та давлат ёқлаб овоз берди, 32 давлат, жумладан, Ўзбекистон бетараф қолди, 7 та давлат — Беларусь, Шимолий Корея, Эритрея, Мали, Никарагуа, Россия ва Сурия қарши овоз берди. Беларусь томонидан таклиф қилинган тузатишлар рад этилди.

бмт, россия, украина, уруш

Бош ассамблея Украинанинг халқаро миқёсда тан олинган чегаралари, жумладан, ҳудудий сувлари доирасидаги суверенитети, мустақиллиги, бирлиги ва ҳудудий яхлитлигига содиқлигини яна бир бор тасдиқлади.

Бош ассамблея резолюцияда «қуролли конфликт иштирокчиларининг барча ҳарбий асирларга муносабати 1949 йил 12 августдаги Ҳарбий асирлар билан қилинадиган муомала тўғрисидаги Женева конвенцияси ва 1949 йилдаги I Қўшимча протокол қоидаларига мувофиқ бўлишини, ҳарбий асирларни тўлиқ алмашишни, барча ноқонуний ҳибсга олинганларни озод қилишни, мажбурий кўчирилган ва депортация қилинган тинч аҳолини, шу жумладан, болаларни қайтаришни талаб қилади».

Бош ассамблея делегатлари «Россия Федерациясининг Украинага қарши агрессияси оқибатида вужудга келган инсон ҳуқуқлари ва гуманитар вазият билан боғлиқ оғир вазиятдан афсусда эканини» билдирди. Ҳужжат томонларни тинч аҳоли ва фуқаролик объектларини ҳимоя қилиш бўйича ўз мажбуриятларини ҳурмат қилишга ва ёрдамга муҳтож бўлганларга инсонпарварлик ёрдамининг тўсиқларсиз киришини таъминлашга, шунингдек, Украинанинг муҳим инфратузилмаси, жумладан, уйлар, мактаблар ва касалхоналарга ҳужумларни дарҳол тўхтатишга чақиради.

Резолюцияда, шунингдек, «Украина ҳудудида содир этилган энг оғир жиноятлар миллий ёки халқаро даражада адолатли ва мустақил терговлар орқали халқаро ҳуқуқ доирасида жавобгарликка тортилишини таъминлаш зарурлиги» таъкидланган.

БМТ Бош ассамблеяси делегатлари ташкилотга аъзо давлатларнинг Украинада тинчлик ўрнатишга қаратилган саъй-ҳаракатларини қайд этиб, халқаро ҳамжамиятни бу ҳаракатларни қўллаб-қувватлашни каррасига оширишга чақирди. Урушнинг глобал оқибатларини бартараф этиш учун давлатлар ҳамжиҳатлик руҳида ҳамкорлик қилиши керак, дейилади резолюцияда.