Самарқандда фуқароларни ноқонуний равишда Мексика орқали АҚШга жўнатишни ваъда қилган шахс аниқланди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси хабар берди.

Қайд этилишича, Самарқанд вилояти ишки ишлар бошқармасига Самарқанд шаҳрида яшовчи шахс ноқонуний йўли орқали АҚШ давлатига жўнатиш ишлари билан шуғулланаётгани мурожаат қилган. У дастлаб Европа орқали Мексикага, шундан сўнг АҚШ давлатига олиб ўтишни ваъда қилган ва ҳар бир шахс учун 40 минг АҚШ доллари сўраган. Шундан сўнг расмийлаштириш учун 10 минг АҚШ доллар талаб қилган.

Шу сабаб мурожаат қилган фуқаро унга қонуний чора кўришини сўраган. Мазкур аризага нисбатан 2023 йил 20 февраль куни Самарқанд шаҳрида тезкор тадбир ўтказилган ва фуқаро аризачидан 10 минг АҚШ доллари олаётган вақтда далиллар билан қўлга олинган.

Ҳолат юзасидан ушбу фуқарога нисбатан Самарқанд шаҳри бўйича ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» (жуда кўп миқдорда фирибгарлик) бандига асосан жиноят иши қўзғатилиб тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.