Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятига ташриф буюриб, Қарши туманидаги «Янги Батош» маҳалласида бўлди. У ердаги янги қурилган мактабга кириб, ўқувчилар билан мулоқотда бўлди.

«Шундай шароит яратяпмизки, ўқувчилар мактабдан чет тиллари ва ҳунар ўрганиб чиқади. 11-синф ҳаёт йўли синфи бўлади. Агар ҳар бир ёш шундай ўқиб, жамиятда ўз ўрнини топса, Ўзбекистонимизга мустаҳкам замин бўлади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, президент мазкур мактабдаги қашқадарёлик ўқитувчилар билан суҳбатлашиб, ҳозирда Қашқадарё мактаблар сони бўйича республикада биринчи ўринда турганини таъкидлади.

Ҳар бир ислоҳотда, қарор қабул қилишда ўқитувчилар кўз олдимда бўлади. Сир эмас, илгари болалар уч ойлаб пахтага чиқариларди. Биргина Қашқадарёда 155 минг ўқувчи ўрни етишмасди. Бунинг учун вилоятга 1 триллион маблағ ажратилди. 215 та мактаб қурилди. Бугун Қашқадарё мактаблар сони бўйича республикада биринчи ўринда. Ўқитувчиларнинг ойлик маошлари ҳам оширилди. Албатта, буларни яна давом эттирамиз. Лекин асосийси — сифат бўлиши керак. Бу, аввало, ўқитувчиларнинг билимига, дунёқарашига, фидойилигига боғлиқ", — деди у.

Учрашувда педагоглар ўз фаолияти ҳақида сўзлаб, фикр ва таклифларини билдирди.

президент

президент

Бундан ташқари, президент маҳалладаги аҳоли ҳаёти билан танишди.

Бу ерда 4 мингдан зиёд аҳоли яшайди. Ҳудуд ободонлаштирилиб, тадбиркорлик ривожланмоқда. Тўқимачилик корхонаси, дорихона, минибанк, озиқ-овқат дўконлари ва хизмат кўрсатиш устахоналари аҳоли хизматида. Маҳаллада касаначилик маркази ташкил этилмоқда. Президент унда яратилаётган шароитларни кўздан кечирди.

Давлат раҳбари бу ердаги ҳунармандларни хомашё билан таъминлаш, аҳоли зич маҳаллалардаги коллежларнинг маълум хоналарини касаначиларга ажратиш бўйича топшириқлар берди.

«Ўзи ҳунар ўрганишнинг энг катта замини — маҳалла. Бу анъанадан фойдаланиб, касаначилик асосида, устоз-шогирдлик асосида ёшларни ҳунарли қилиш мумкин. Бу уларга, айниқса, хотин-қизларга ҳам маънавий, ҳам моддий куч бўлади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Марказ «Янги Батош»дан ташқари унга туташ «Батош», «Хониён», «Тараққиётм, «Дашт», «Жумабозор» каби маҳаллаларга ҳам хизмат қилади. У тўлиқ ишга тушса, қарийб 24 минг нафар аҳоли бандлиги таъминланади.