Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) экспертлари 2017−2022 йиллар оралиғида Ўзбекистонда йўловчиларни ташиш соҳасида нималар ўзгарганини таҳлил қилди.

Унга кўра, 2017−2022 йиллар оралиғида йўловчиларни ташиш ва йўловчи айланмасида сезиларли ўсиш бўлди. Хусусан, 2017 йилда барча транспорт воситалари орқали 5 млрд 679 млн киши ўз манзилига етказилди, 2022 йилда бу кўрсаткич салкам 6 млрд 170,8 млн кишига етди. Йўловчи айланмаси эса 130 млрд йўловчи-км дан 144,7 млрд йўловчи-км га ошган.

2022 йилда йўловчиларнинг энг кўпи — 97,5% қисми автомобиль транспортида ташилди. Бунда 2017 йилда 5 млрд 591,3 млн киши манзилга етказилган бўлса, 2022 йилда уларнинг сони 6 млрд 17,5 млн нафарга етди. Автомобиль транспортида йўловчи айланмаси мос равишда ортиб, 117,7 млрд йўловчи-км дан 129,2 млрд йўловчи-км ни ташкил этди.

5 йил ичида метрополитендан фойдаланган йўловчилар сони 2 маротаба ошиб, 61,6 млн кишидан 136,7 млн кишига етди. Мутаносиб равишда йўловчи айланмаси ҳам 459,1 млн йўловчи-км дан 996,8 млн йўловчи-км га кўпайди.

Йўловчи айланмаси йўловчи ташиш масофаларини ҳисобга олган ҳолда йўловчиларни ташишни тавсифлайди. Бу ҳар бир ташиш позицияси учун йўловчилар сонининг кўпайтмаларини ташиш масофаси бўйича йиғиш йўли билан аниқланади.

Ҳаво транспорти воситасида ташилган йўловчилар ҳам мазкур давр мобайнида қарийб 2 баробар ошди. Расмий маълумотларга кўра, 2,2 млн кишидан 4,1 млн кишига етди. Йўловчи айланмаси 7,5 млрд йўловчи-км дан 10,9 млрд йўловчи-км га ортган.

Институт, шунингдек, 2026 йилгача йўловчи ташиш хизматларини ривожлантириш бўйича режаларни маълум қилди. Унга кўра:

  • аҳоли пунктларининг жамоат транспорти билан қамровини 95% га етказиш ва 278 та янги автобус йўналишини очиш;
  • ҳудудлардаги 11 та халқаро аэропортнинг ўтказиш имкониятини 2 баробар ошириш ва маҳаллий ташувларда хусусий ва лоукостер авиакомпаниялар улушини босқичма-босқич 25% гача ошириш;
  • метрополитеннинг умумий узунлигини 157 километр, станциялар сонини 74 тага етказиш режалаштирилмоқда.