Фото: Президент Қашқадарёда янги қурилган мактаб ва касаначилик марказида бўлди

Шавкат Мирзиёев Қашқадарёга ташрифи чоғида Қарши туманидаги «Янги Батош» маҳалласида бўлди. У ердаги янги қурилган мактаб ва касаначилик марказини кўздан кечириб, аҳоли билан суҳбатлашди.

Президент Қаршидаги Олий ҳарбий авиация билим юрти курсантлари билан тушлик қилди

Шавкат Мирзиёев Қашқадарёга ташрифи чоғида Қарши шаҳридаги Олий ҳарбий авиация билим юрти курсантларининг жанговар тайёргарлиги билан танишди, муассаса ошхонасида улар билан бирга тушлик қилди.

Шавкат Мирзиёев курсантлар билан тушлик чоғида Путин ва Байден нутқларини тилга олди

Ўзбекистон президенти Қаршидаги ҳарбий авиация билим юрти курсантлари билан тушликда Россия ва АҚШ президентлари нутқларини тилга олди. «Ҳар бир давлат ўз суверенитети, ўз халқи манфаатлари ҳақида ўйлаши учун кучли мудофаа бўлиши керак. Шунда давлат ўзини ҳурмат қилишга мажбур қилади», — деди у.

Тошкент жамоат транспортида йўл ҳақини 2000 сўмгача ошириш таклиф этилмоқда

1 апрелдан пойтахт жамоат транспортида йўлкира нархини ошириш таклиф этилмоқда. Унга кўра, бир марталик тўлов нақд пулда 2000 сўм, электрон тўловда 1800 сўм, ATTO орқали 1600 сўм бўлиши мумкин. Бир соат ичида автобусдан автобусга ўтиш арзонлашади, кейинги ўтишлар эса бепул бўлади.

2022 йилда Ўзбекистонда йўловчиларнинг 97,5 фоизи автомобилдан фойдаланди — ПМТИ

2017−2022 йилларда йўловчиларни ташиш ва йўловчи айланмаси ўсди. 2022 йилда транспортда 6,1 млрд киши ташилди. Бунда автомобиллар улуши юқори бўлди. Эндиликда жамоат транспорти қамровини 95% га етказиш режалаштирилмоқда.

«Ҳамма айтади: ОАВни ёпиб қўй, деб. Йўқ, ёпмайман» — президент сўз эркинлиги ҳақида

Президент Шавкат Мирзиёев Қаршида фаоллар билан суҳбатда ОАВ, сўз эркинлиги ҳақида тўхталди. У кўпчилик ОАВни ёпиб қўйишни айтишини маълум қилди. «Йўқ, ёпмайман. Яна олдингидай прокурор, СНБ (МХХ) текширувчи бўлаверсинми? Биз ниятимизга етдикми? Биримиз икки бўлдими?» — дея сўради у.

Тошкент вилоятида маданий мерос объектларига зарар етказганлар қамалди

Нурафшон шаҳрида «Улкан Тўйтепа» археология ёдгорлигига 300 млн сўмдан ортиқ зарар етказган фуқаро 1 йилу 7 ойга, Қибрай туманида «Қиличли ота» зиёратгоҳини таъмирлаш учун ажратилган маблағнинг 263 млн сўмини талон-торож қилган шахс эса 5 йилу 1 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Қонунчиликка ҳоким халқ депутатлари Кенгашининг раиси бўлмаслиги ҳақида норма киритилиши мумкин

Қонунчилик палатасидаги қўшма йиғилишда қонун билан «ҳоким лавозимини эгаллаб турган шахс бир вақтнинг ўзида тегишли халқ депутатлари Кенгашининг раиси лавозимини эгаллаши мумкин эмас» деган норма ўрнатилаётгани маълум қилинди.

Қонунчилик палатасида Конституцияни ўзгартириш бўйича лойиҳа муҳокамаси қайта тикланмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг икки масъул қўмитаси бугун Конституцияга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини муҳокама қилади. Ҳужжат ноябрь ойида қайта кўриб чиқиш учун қайтариб юборилганди.

МБ муқобил энергия учун кредит бўйича рискни вақтинча ноллаштиришни таклиф қилмоқда

Ўзбекистонда муқобил энергия объектларини ишга тушириш учун ажратилаётган кредитлар бўйича таваккалчилик даражаси 1 декабргача ноллаштирилиши мумкин. Шундай қарор қабул қилинса, муаммоли кредитлар бўйича 2 хонали рақамларга дуч келиш эҳтимоли бор, — дейди иқтисодчи Отабек Бакиров.

Жиззахда 2−3 баллик зилзила қайд этилди

Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида магнитудаси 3,9 бўлган зилзила содир бўлди. Зилзила кучи Жиззах шаҳри, Шароф Рашидов ва Бахмал туманларида сезилди.

Тошкент вилоятида 83 ёшли эркакнинг оёғини поезд босиб кетди

Тошкент туманининг Келес-Сариағач темир йўлида юк поезди фуқаро оёғини босиб кетди. Ҳозир жабрланувчининг аҳволи яхшилиги айтилмоқда.

Ўзини ўзи банд қилган шахслар қўшимчасига касаначилик билан ҳам шуғулланишига рухсат берилди

Президент қарори билан ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхати тўлдирилди. Энди иш берувчиларга ўзини ўзи банд қилган шахсларни касаначи сифатида жалб қилишга рухсат берилди.

Бухоро ички ишлар бошқармасига Миржамол Миралимов раҳбар бўлди

Аввал ИИВ бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган Миржамол Миралимов Бухоро вилояти ИИБга раҳбар бўлди.

Пахта-ғаллага ихтисослашган фермер хўжаликлари ишчилари даромад солиғидан озод этилади

Президент қарори билан давлат бюджетидан пахта ёки ғалла етиштиришга ихтисослашган фермер хўжаликлари ишчиларининг даромад солиғи қайтариб берилади. Ушбу тартиб 1 апрелдан тажриба тариқасида жорий этилади.

Шанба куни аксарият ҳудудларда қор ёғади

25 февраль куни Ўзбекистоннинг аксарият ҳудудларида қор ва ёмғир ёғади. Якшанбага бориб қуруқ ва кам булутли об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Бу кунларда тоғли жойларда қор кўчиши хавфи бор.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақолалар:

«Ҳозир энг қадрли нарса — инсон ҳаёти». Украинадаги ўзбекистонликлар ва украинлар уруш давридаги ҳаёт ҳақида

Бир йил аввал, 24 февралда Россия Украинага бостириб кирганди. Шу куни «Газета.uz» Украинадаги ватандошлар ва ушбу мамлакат фуқароларидан ўз шаҳарларида нималар бўлаётгани, расмийлар қандай чоралар кўраётгани ҳақида сўраганди. Бир йил ўтиб, биз улар билан яна боғланиб, нималар ўзгарганига қизиқдик.

«Уруш ва палов». Берлиндаги ўзбек ресторани ҳақида ҳикоя

Актам ва Зуҳра Маҳмазиатовлар — асли ўзбекистонлик Украина фуқаролари. Россия босқинидан сўнг улар Германияга қочиб, Берлинда ўзбек ресторани очган. Менюда — ош, манти ва сомса. «Газета.uz» номаълумлик сари сафар вақти юз берган муваффақият тарихини ҳикоя қилади.