Бошқа мамлакатларда вабо тарқалиши муносабати билан Қозоғистон чегарада назоратни кучайтирди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди, деб ёзмоқда Tengrinews.

Вазирликнинг Санитария-эпидемиология назорати қўмитаси юқумли касалликларни эпидемиологик назорат қилиш бошқармаси бошлиғи Роза Кожапова дунёнинг қатор давлатларида вабо билан касалланиш ҳолатлари камайиб бораётганини таъкидлади.

«Булар, асосан, Африка давлатлари ва Сурия ҳисобланади. Қозоғистонга келсак, сўнгги 10 йил давомида бу ерда вабо билан касалланиш ҳолатлари қайд этилмади. Вабо — сув орқали одамдан одамга тўғридан-тўғри юқадиган касаллик. Бу йил дунё бўйлаб касаллик билан боғлиқ вазият мураккаблашган. Аммо, бу омилга қарамай, мамлакатимизда ичимлик суви ҳам, очиқ сув ҳавзалари ҳам доимий равишда сув сифати назоратидан ўтказилиб келинади. Очиқ сув ҳавзаларида патогенлар, шу жумладан, вабо мавжуд ёки йўқлиги бўйича мунтазам равишда текширувлар олиб борилади. Бугунга келиб, натижалар Қозоғистонда вабо эпидемияси хавфи йўқлигини кўрсатмоқда», деди у.

Мутахассиснинг сўзларига кўра, бир қатор мамлакатларда вабо касаллиги қайд этилганини ҳисобга олиб, Қозоғистон чегарасида назорат тадбирлари ўтказилмоқда.

«Келаётган фуқароларни текширувдан ўтказяпмиз. Агар уларда вабонинг дастлабки белгилари намоён бўлса, изоляцияга олинади. Тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилганлар учун анамнез [беморнинг ўзидан ёки уни биладиган кишилардан шу беморнинг ҳаёт шароити ва касаллик тарихи ҳақида сўраб тўпланадиган маълумотлар] аниқлаштирилади. Чет элдан кириб келганларда ҳам шундай касалланиш аниқланса, эпидемияга қарши чоралар кўрилиб, улар изоляция қилинади. Аммо бизда ҳозирча ҳаммаси жойида», — деди Кожапова.