14 февраль куни Ўзбекистон олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмонов мамлакатдаги барча олийгоҳ ректорларига ҳамма талабаларнинг ҳолатини ўрганиб, уларни шартли равишда одобига кўра гуруҳларга ажратиш ва рўйхатини шакллантириш топшириғини берди.

Унда талабаларни жиноятчиликка мойиллар, ёт ғоялар таъсирига тушиш арафасидагилар ҳамда тартиб-қоидаларга риоя этмайдиганларга ажратиш қайд этилган.

Вазирликнинг мазкур топшириғи ижтимоий тармоқларга танқидларга сабаб бўлмоқда. Хўш талабаларнинг ўзлари бунга нима дейди? «Газета.uz» уч университет талабаларига микрофон тутди.

Талабалардан бирининг сўзларига кўра, ҳозирги кунда бундан бошқа муҳимроқ мавзулар кўп. «Менимча, ўшаларга аралашиб, таълимда янгиликлар қилишга ёки талабаларнинг илмий жиҳатдан ўсишига эътибор берилса яхши бўларди», — дейди у.

Бошқа бир талаба бундай рўйхатни шакллантириш кераклиги ва бу муҳимлигини таъкидлади. «Чунки бир талаба захарландими, ёнидаги ўртоғини ёки курсдагиларни ҳам заҳарлаши мумкин», — дея қўшимча қилди у.

Сўровномада фикр билдирган яна бир ёшнинг айтишича, талабаларни назорат қилиш керак.

«Ҳозирги кунда ижтимоий тармоқларда ҳар хил сайтлар, гуруҳлар бор. Уларга қўшилиб қолиш эҳтимоли жуда катта. Шунинг учун назорат қилиш керак, буни тўғри қарор, деб ўйлайман», — дея қайд этди қиз бола талаба.

Айрим талабалар таълим сифатини яхшилаш зарурлигини билдирди. «Таълим ва тарбия ҳар доим параллел юради. Тарбияга ҳам қайсидир томондандир эътибор бериш ўринли. Лекин кўпроқ таълим аҳамият бериш тарафдориман», — дейди бир талаба.

Бошқа бир ёшнинг фикрича, талабаларни бундай табақалаш жудаям катта хато. «Сабаби ҳамма талаба, барча ўқиш учун келади. Ундан кўра, университетлар ичидаги шароитларни, билим бериш ва устозлар даражасини юқорига кўтаришимиз тўғрироқ, деб ўйлайман», — дейди у.

Сўровнома давомида талабаларнинг баъзилари унга бундай тартиблар аҳамиятсиз эканлигини айтди. Айримлари эса фикр билдиришни хоҳламади.

Материални Миролим Исажонов тайёрлади. Видео оператор ва монтаж устаси Маъмуржон Обраҳматов.