Тошкент ИИББ ижтимоий тармоқларда тарқалган жамоат жойида фуқароларга тамаки чекиш билан боғлиқ диний ёндашувларни ва тушунтиришларни уқтираётганлиги акс этган видеоёзув бўйича муносабат билдирди.

Ўрганишлар жараёнида ушбу шахс 1999 йилда туғилган фуқаро А. Х. эканлиги аниқланиб, у билан профилактик суҳбат ўтказилди.

«Ўтказилган суҳбат давомида фуқаро юқорида келтирилган видеороликдаги шахсларни танимаслигини, уларга тамаки чекишга нисбатан муносабатини ўз ташаббусига кўра шахсий диний қарашларидан келиб чиққан ҳолда билдирганлигини маълум қилди», — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Конституциянинг 25-моддасига асосан, ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик, шунингдек 27-моддасига биноан шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга.

Чекиш соғлиқ учун зарарли, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва саломатлик масалалари доимо катта аҳамиятга эгалигига урғу қаратган бошқарма ушбу жараёнда Ўзбекистон фуқароларининг юқоридаги кафолатларига монелик қилиш мумкин эмаслиги, айниқса алоҳида шахсларнинг ўз ташаббуси орқали ва ушбу масалага диний тус бериш орқали ўзгаларнинг шахсий ҳаётга аралашишига йўл қўйилмаслигини эслатиб ўтди.

«Шундай экан, турмушда ва жамиятда қабул қилинган хулқ-атвор нормалари ва қоидаларига риоя этишда инсонлар ўзларининг диний ва ахлоқий қарашлари орқали бошқаларга баҳо бериши ёки бошқача кўринишда шахсий ҳаётига аралашиши мумкин эмас», — дейилади муносабатда.

Таъкидланишича, «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонунининг 10-моддасига биноан, мамлакат ҳудудида диний мазмундаги материалларни тайёрлаш ва тарқатиш диншунослик экспертизасининг ижобий хулосаси олинганидан кейин амалга оширилади.

Шу муносабат билан, суд идоралари томонидан фуқаро А. Х.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 184 прим 2-моддасига (Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш) асосан, базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баробари миқдорида жарима жазоси тайинланди.