21 февраль куни куни соат тахминан 11:20 да Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги 162-сонли ўрта таълим мактаби ўқувчиси тенгдошини пичоқлаб қўйди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Бош прокуратура матбуот хизмати маълум қилди.

2005 йилда туғилган 11-синф ўқувчиси А.С. ва параллель синфда ўқувчи 2005 йилда туғилган И.Р. ўртасида мактабнинг 1-қаватидаги йўлакда келишмовчилик келиб чиққан. Оқибатда А.С. ўзи билан олиб юрган ошхона пичоғи билан И.Р.нинг қорин қисмига бир марта уриб, жароҳат етказган.

Республика шошилинч тиббий ёрдам марказининг 2440-сонли маълумотномасига асосан И.Р.да қорин олди деворини тешиб кирувчи санчилиб кесилган жароҳат борлиги аниқланган.

Ҳолат юзасидан А.С.га нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми «л» банди (Қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни ишлатган ҳолда қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, юқорида келтирилган жиноятни содир этганлик учун 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.