Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида 10 февраль куни эр-хотин вафот этди, улар ис газидан заҳарланган бўлиши мумкин. Бу ҳақда Milliy TV телеканалининг «Миллар» дастурида хабар берилди.

Қайд этилишича, 41 ёшли эркак ва унинг хотини 9 февраль куни 22:00 атрофида ювиниш хонасига кирган ва тонгги соат 8:00 гача қайтиб чиқмаган. Уларнинг 2 ўғли буни пайқагач, ота-онасидан хабар олиш учун ҳаммомга кирган ва ҳолатга гувоҳ бўлган.

Туман ҳокими ёрдамчиси Диёр Пўлатов бунга дудбурондан чиққан ис гази сабаб бўлганини маълум қилди.

Туман газ таъминоти корхонаси раҳбари ўринбосари эса текшириб кўрилганида ҳаммомда ўрнатилган печ ноқонуний бўлиб чиққани, ҳозирда ис газидан заҳарлангани аниқ эмаслиги ва вилоят прокуратураси томонидан текширув ишлари олиб борилаётганини билдирди.