Ўзбекистон январда 1,2 млрд долларга олтин экспорт қилди. Бу умумий экспорт ҳажмининг ярмидан кўпини ташкил этади

Январда Ўзбекистоннинг товар айирбошлаш ҳажми 42 фоизга ошиб, 5 млрд долларга етди. Экспортнинг ярмидан кўпи олтиндан иборат бўлиб, 1,18 млрд долларга қимматбаҳо металл сотилган. Тўқимачилик маҳсулотлари, газ ва ўғит етказиб бериш ҳажми камайган.

Блогер Абдуқодир Мўминовнинг тергов вақтида вафот этгани рад этилди

Бош прокурор матбуот котиби «Газета.uz»га маълум қилишича, блогер Абдуқодир Мўминовнинг тергов пайтида вафот этгани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди, «у тирик ва соғлом». Блогернинг собиқ адвокати ҳам терговчи билан гаплашгани ва Мўминовнинг соғ-саломатлигини тасдиқлади.

Январь ойида аномал совуқдан Ўзбекистон саноати қандай зарар кўрди?

Январь ойида Ўзбекистонда кузатилган аномал совуқ туфайли ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 10 фоизга қисқарди. Газ қазиб олиш 2022 йилнинг январига нисбатан 7,5 фоизга, газ конденсати — 9,1 фоизга, кўмир — 13,8 фоизга, электр энергияси ишлаб чиқариш — 2 фоизга камайди.

Шавкат Мирзиёев рақамлаштиришда камчиликка йўл қўйган тизимларни санади

Шавкат Мирзиёев рақамлаштириш бўйича халқни рози қиладиган тизим тўлиқ яратилмаганини танқид қилди. Аҳоли энг кўп мурожаат қиладиган ички ишлар идораларида 34 та, адлияда 32 та, соғлиқни сақлашда 11 та хизмат электрон шаклга ўтказилмаганини таъкидлади.

Тошкентда оммавий муштлашувда қатнашган 28 киши қамалди

Яккасарой туманида қурилишда ишловчи 30 дан ортиқ фуқаро муштлашди. Суд уларнинг 28 нафарига 10 ва 15 суткадан маъмурий қамоқ жазосини тайинлади.

Тошкент вилоятида поликлиника таъмирлашга ажратилган 392,9 млн сўм ўзлаштирилгани айтилмоқда

Зангиота туманида корхона раҳбари қишлоқ оилавий поликлиникаларини таъмирлашда, ҳужжатларга амалда бажарилмаган ишларни қўшиб ёзиш орқали 392,9 млн сўмни ўзлаштиргани айтилмоқда. Ҳолат бўйича тергов ҳаракатлари бошланди.

Республика болалар кутубхонаси баҳор охиригача очилиши режалаштирилмоқда

Тошкентдаги Республика болалар кутубхонаси реконструкциядан сўнг баҳор охиригача очилиши режа қилинмоқда. «Биз ҳамма учун очиқ бўлган замонавий, қулай ҳудуд яратяпмиз. Одамлар бу маконни ўзларига мослаштиришларини хоҳлаймиз», — дея таъкидлади Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси. Фото.

Январь ойида енгил автомобилларга талаб яна ортган — ИТИМ

Йилнинг биринчи ойида ўзбекистонликлар 118 минг дона автомобиль сотиб олган. Бу 2022 йил декабрь ойига нисбатан 18 фоизга кўп. Йил бошидан буён маҳаллий ишлаб чиқарилган янги автомобиллар савдоси 23,4 мингтани ташкил этиб, декабрга нисбатан 71 фоизга ошди.

Ўзбекистонда янги автомобилларни рўйхатдан ўтказиш ва давлат рақамларини олиш онлайнга ўтказилади

Ўзбекистонда янги автомобилларни давлат рўйхатидан ўтказиш ва рақам беришнинг электрон тизимини яратиш режалаштирилмоқда. Президент ҳали кўплаб соҳалар рақамлаштирилмаганини танқид қилди. Масалан, одамлар «086-шакл» олиш учун ҳар сафар поликлиникага мурожаат қилишга мажбур бўлмоқда.

Азим Муллахонов Муқимий театрига директор бўлди

Ўзбекистон ва Қозоғистонда хизмат кўрсатган артист Азим Муллахонов Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрига директор, Достон Ҳақбердиев эса бош режиссёр бўлди.

Олмалиқда МЧЖ раҳбари 2,3 млрд сўм кредит маблағини ўзлаштирганликда гумонланмоқда

Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида МЧЖ раҳбари кредит эвазига харид қилинган 2,3 млрд сўмлик қурилиш материалларини бошқа шахсларга сотиб юборганликда гумонланиб қўлга олинди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Жиззахда эр-хотин ис газидан заҳарланиб вафот этди

Шароф Рашидов туманида эр-хотин вафот этди, улар ис газидан заҳарланган бўлиши мумкин. Жиззах вилояти прокуратураси текширув ишларини олиб бормоқда.

ТерДУ талабаси фуқаронинг банк картасидан 75 млн сўм ўзлаштиргани айтилмоқда

Термиз давлат университети 4-курс талабаси ўзи амалиёт ўтаган банкда фуқаронинг карта маълумотларини ўзлаштириб, 75,7 млн сўмни ечиб олганликда гумонланмоқда. Ҳолат юзасидан жиноят иши очилди. Агар унинг айби тасдиқланса, 3−5 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Бегоналарга сигарет чекмаслик ҳақида «амру маъруф» қилган шахс жаримага тортилди

Ижтимоий тармоқларда шахсий диний қарашларидан келиб чиққан ҳолда бегоналарга сигарет чекмаслик ҳақида тушунча бермоқчи бўлган шахс билан профилактик суҳбат ўтказилгани маълум қилинди. Шунингдек, ушбу шахс суд томонидан БҲМнинг 20 баравари миқдорида жаримага тортилди.

Газ компанияларига солиқ имтиёзлари берилганига қарамай, газ ишлаб чиқариш камайди

Табиий газ бўйича солиқ ставкалари 3, нефть ва газ конденсати учун 2 баравар пасайтирилгани туфайли давлат бюджетига 2022 йилда ер қаъридан фойдаланганлик учун 538,1 млрд сўм солиқ тушмади. Шу билан бирга, газ қазиб олиш 4%, газ конденсати 2,8% га камайди. Нефть ишлаб чиқариш 1,8% га ошди.

Қашқадарёда Cobalt уриб кетган 33 ёшли аёл вафот этди

Қарши туманида Cobalt пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётган 33 ёшли аёлни уриб кетди. Пиёда вафот этди. Ҳудудда пиёдалар ўтиши учун ер ости йўли қурилган, лекин у ер қаровсиз ҳолатда. Аҳоли вакиллари ушбу туннелни яроқли ҳолатга келтириб берилишини сўрамоқда.

Қирғизистон Ўзбекистондан гўшт ва чорва моллари олиб киришга қўйилган тақиқни бекор қилди

Қирғизистон Ўзбекистондан импорт қилинадиган гўшт ва чорва молларига қўйилган тақиқни олиб ташлади. Чеклов 2022 йил сентябрь ойида жорий қилинганди.

Мирзоҳид Қодиров Дори воситалари экспертизаси давлат маркази директори в.б. этиб тайинланди

Мирзоҳид Қодиров Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази директори вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. У «Док-1 Макс» ва «Амбронол» сиропи воқеалари ортидан ишдан олинган Сардор Кариев ўрнини эгаллади.

Ўзбекистонда қонунчилик ҳужжатларининг 243 тасида 350 та коррупциявий ҳолат аниқланди

Ижтимоий ҳимоя, молия ва банк, тадбиркорлик, ташқи иқтисодий фаолият ҳамда божхона ишига оид 1 860 та қонунчилик ҳужжати коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилди. Экспертизага кўра, 243 та ҳужжатда 350 та коррупциявий омил аниқланди.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақолалар:

Boeing сўнгги 747 самолётини йиғишни якунлади — афсонавий лайнер тарихи

Boeing компанияси сўнгги 747 самолётини йиғиб тугатди. Афсонавий «ўркачли» лайнер 1969 йилда пайдо бўлган ва оммавий авиация рамзига айланган эди. Ушбу мақолада бу турдаги ҳаво лайнерларнинг пайдо бўлиши ва у билан боғлиқ тарихий воқеалар эслаб ўтилади.

Исмбузарлар

«Маълум бўлишича, ЗАГС ва милиция бўлимларининг паспорт столларида ишловчи саводи ғовлаб кетган айрим ходимлари метрика ва паспортларда ўзбекча тўлдириладиган жойларни русча ёки бутунлай саводсизларча тўлдириб, қош қўяман деб кўз чиқарар эканлар».

«Таълим тизимига эътибор бериш керак». Вазирликнинг топшириғига талабалар нима дейди?

Олий таълим вазири Иброҳим Абдураҳмонов барча талабаларни жиноятчиликка мойил, ёт ғоялар таъсирига тушиш арафасида ва қоидаларга риоя этмайдиган каби гуруҳларга ажратиш топшириғини берганди. Бу эса тармоқларда танқидларга сабаб бўлди. «Газета.uz» талабалар фикрини билиш учун уларга микрофон тутди.

«Журнал ҳар доим жамият иллатлари ва ҳукумат камчиликларини олиб чиққан» — «Муштум» бош муҳаррири

«Бу журнал миллат мулки, 100 йилдан бери номи ўзгармай келаётган ноёб тарих», — дейди 2007 йилдан буён «Муштум»га бош муҳаррирлик қилаётган Носиржон Тошматов. У «Газета.uz»га берган интервьюсида ҳозирги раҳбарларнинг журналга муносабати ва 100 йиллик тўйни қандай тасаввур қилгани ҳақида гапирди.