USM холдинг асосчиси ва энг йирик акциядори Алишер Усмонов Тошкентда Италиянинг TGcom24 телеканали журналистларига интервью берди. Spot интервьюдаги асосий жиҳатларга эътибор қаратди.

Миллиардер сўнгги йилларда Ўзбекистон иқтисодиётидаги таркибий ўзгаришларни қайд этди. У 2016 йилдан буён ўтган даврни «буюк келажакка умид белгиси» дея таърифлаб, бунга мисол қилиб мамлакат сармоявий очилиши ва кенг кўламли ислоҳотлар дастурини кўрсатди.

Шу вақт ичида USM бизнес тузилмалари ўзларининг асосий йўналишларига — асосан телекоммуникация ва IT соҳаларига сармоя киритди. Усмонов санкциялар билан боғлиқ қийинчиликларга қарамай, Ўзбекистонда иш ва хайрия лойиҳаларини амалга оширишда давом этиш ниятида.

«Ўзбекистонга ёрдам бериш, унга фойда келтириш учун бор куч-ғайрат ва имкониятларимни ишга соламан. Бу мақсад учун мен корпоратив активлар бошқарувидан кетдим ва ҳатто кўплаб лойиҳаларимда акциядор сифатида иштирокимни якунладим», — деди Усмонов.

Алишер Усмонов Европа Иттифоқи уни олигархлар қаторида тилга олишидан рози эмаслигини билдирди. Унинг сўзларига кўра, олигархлар ҳокимият ёрдамида бойлик орттириб, ундан ҳукуматга таъсир ўтказиш учун фойдаланади. Ўзбек миллардернинг айтишича, у «совға олмаган» ва барча активларни «бозор шароитида» қўлга киритган.

Россия фуқаролиги ва мол-мулки борлигига қарамай, Усмонов Ўзбекистонни ўзи учун асосий манфаат деб ҳисоблайди. У республика Қозоғистон билан бир қаторда «Марказий Осиёнинг ҳақиқий етакчисига» ва «минтақа тараққиётининг локомотивига» айланишига ишонч билдирди.

2022 йил февраль ойидан бери тадбиркор Европа Иттифоқи санкциялари остида қолмоқда, АҚШ, Канада, Буюк Британия ва Япония ҳам унга қарши санкциялар киритган. Ўз навбатида, россиялик миллиардер ЕИ кенгашининг унга нисбатан санкциялар қўллаш ҳақидаги қарорини бекор қилишни талаб қилиб, Европа судига даъво аризаси билан мурожаат қилган.

Ўзбекистон ҳукумати Европа Иттифоқидан санкцияларни бекор қилишни сўраган, чунки «чекловлар тадбиркорнинг мамлакат иқтисодиётига сармоя киритишига тўсқинлик қилмоқда».

Spiegel нашрининг ёзишича, Германиянинг Алишер Усмоновга нисбатан тергови мамлакатнинг Ўзбекистон билан дипломатик муносабатларини ёмонлаштирган. Германияда тадбиркор Алишер Усмонов устидан олиб борилаётган тергов Германия ва Ўзбекистон ўртасидаги дипломатик муносабатларни кескинлаштирди, — дея хабар қилган журнал.

Эслатиб ўтамиз, Усмонов Европа Иттифоқи санкциялари туфайли Халқаро қиличбозлик федерациясига раҳбарликни «адолат тикланмагунча» тўхтатиб туришга қарор қилганини билдирган. ЕИ ҳужжатида унинг Қрим аннекцияси ва Украинадаги беқарорлик учун масъул бўлган Россия расмийларини қўллаб-қувватлагани айтилган.