Тошкентдаги шаҳар ва туманлар бюджетларидан молиялаштириладиган 1063 та ташкилотга (болалар боғчаси, мактаб, шифохона, бюджет ташкилотлари) қуёш батареяларини ўрнатиш учун 390 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтириш режалаштирилмоқда. Бу халқ депутатлари пойтахт кенгашининг 20 февралдаги қарорида назарда тутилган.

Шунингдек, ушбу мақсадлар учун республика бюджетидан пойтахтга ажратилган ссуда ҳисобидан 11 та туман ҳокимлигига 7,46 млрд сўм, 13 та туман ва шаҳар прокуратурасига 6,98 млрд сўм, 16 та ички ишлар бўлимига 11,16 млрд сўм маблағ ажратилади. Жами 40 та ташкилотга 25,6 млрд сўм режа қилинган.

Ушбу харажатлар Тошкент шаҳри маҳаллий бюджетининг 2023−2024 йилларда шаклланган қўшимча маблағлари ҳисобидан босқичма-босқич қопланиши кўзда тутилган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги 584 та маҳалланинг ҳар бирига Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 1 млрд сўмдан маблағ ажратишни тасдиқлаганди. Маблағлар инфратузилмани ривожлантириш ва қаттиқ совуқдан зарар кўрган муҳандислик-коммуникация объектларини таъмирлашга йўналтирилиши айтилган.

Президент 16 февраль куни 2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбалари ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш тўғрисидаги қарорни имзолаган. Ҳужжатда 1 майдан бошлаб фойдаланишга топширилаётган кўп қаватли турар жой бинолари томининг бўш қисмининг камида 50 фоизига қуёш батареяларини ўрнатиш талаби жорий этилган.