ДХХ ҳамда ИИББ ходимлари Telegram каналлар орқали наркосавдо билан шуғулланган 3 нафар шахсни қўлга олди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар берди.

Тошкент шаҳар Юнусобод туманида яшовчи 1998 йилда туғилган фуқарони 3 нафар шахс (2001−2005 йилларда туғилганлар) овлоқ жойда дўппослаган. Аниқланишича, безорилик содир этган шахслар ва улардан жабр кўрган фуқаро ҳам аслида Telegram мессенжерида гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланувчи канал аъзоси бўлган.

«Жабрланган фуқаро канал администратори топшириғига кўра, муқаддам белгиланган жойга яшириб кетилган кўп миқдордаги гиёҳвандлик воситасини майда қисмларга бўлиб, харидорларга етказиб бериш ўрнига ўзбошимчалик билан ўзлаштириб олган. Уни бошқа интернет канал орқали сотишни режалаштирган. Хиёнат қилган одами наркотик моддани бошқа жойда сотмоқчи эканини билган канал админи ёлланма 3 кишини унинг ортидан жўнатган», — дейилади хабарда.

Ҳозирга қадар бу каби эгасини алдаб, наркотикларни ўзлаштириб олган кўплаб «закладчик»лар 17 нафар шахс томонидан аёвсиз калтакланган ва бу жараён тасвирга олиниб, топшириқ бажарилгани ҳисоботи тариқасида каналга жойлаштирилган. Жазолаш билан шуғулланувчилар 1995−2005 йилларда туғилган шахслар ҳисобланади. Канал администратори ҳар бир топшириқ учун уларга 300−500 АҚШ доллари миқдорида пул бергани айтилмоқда.

2022 йилнинг октябрь, ноябрь ҳамда 2023 йилнинг январь, февраль ойларида ушбу 20 нафар шахс қўлга олинган, дейилади хабарда. Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят иши очилган. Ушланган шахслар тергов қилинмоқда.