Туркия жанубидаги Ҳатай вилоятида 20 февраль куни 6,4 ва 5,8 магнитудали янги зилзилалар қайд этилди. Айнан шу ҳудудда Ўзбекистон қутқарувчилари иш олиб бормоқда. «Газета.uz» уларнинг аҳволи тўғрисида Фавқулодда вазиятлар вазирлигидан маълумот сўради.

Вазирлик матбуот котиби Мурод Содиқовнинг маълум қилишича, янги зилзилалар оқибатида ҳудудда қидирув-қутқарув ишларини олиб бораётган ўзбекистонлик мутахассисларга зарар етмаган.

«Қутқаручиларимизнинг барчаси соғ-саломат. Ҳатайдаги янги зилзилалар оқибатида ҳудудда яна вайронгарчиликлар юз берган. Қутқарувчиларимиз ҳозирда вайронгарчилик жойларида иш олиб боряпти», — деди ФВВ вакили.

Маълумот учун, Туркия жануби-шарқида содир бўлган янги зилзилалар оқибатида 6 киши ҳалок бўлди, 294 киши касалхонага ётқизилди, улардан 18 нафарининг аҳволи оғир. Бу ҳақда ҳукумат қошидаги Табиий офатларни бошқариш ва олдини олиш бошқармаси (AFAD) раҳбари Юнус Сезер твит қолдирди.

Эслатиб ўтамиз, 7 февраль куни Ўзбекистондан иккита самолёт табиий офат оқибатларини бартараф этишда ёрдам бериш учун инсонпарварлик ёрдами ва 100 нафар қутқарувчи гуруҳини энг оғир жабр кўрган Адана ва Газиантеп шаҳарларига етказган. Шундан буён мутахассислар қидирув-қутқарув ишларини олиб бормоқда.

Ўзбекистон ТИВ раҳбари вазифасини бажарувчи Бахтиёр Саидов зилзиладан жабр кўрган Ҳатай вилоятининг этник ўзбеклар истиқомат қиладиган Овакент қишлоғига 18 февраль куни ташриф буюрганди.