Ўзбекистон Сурияга инсонпарварлик ёрдами юборди

Ўзбекистон Суриянинг зилзиладан жабр кўрган аҳолиси учун 50 тоннага яқин инсонпарварлик ёрдами жўнатди.

«Туркиядаги янги зилзилалар оқибатида ўзбекистонлик қутқарувчиларга зарар етмади» — ФВВ

Ўзбекистонлик ФВВ ходимлари қутқарув ишларини олиб бораётган Туркиянинг Ҳатай вилоятида янги зилзилалар қайд этилди. Вазирлик матбуот котибининг «Газета.uz»га маълум қилишича, мутахассисларга зарар етмаган. Вайронгарчилик жойларида ишлар давом этмоқда.

Тошкентда Telegram орқали наркотик сотганликда гумонланган 3 киши қўлга олинди

Telegram орқали гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғуллангани гумон қилинган 3 нафар шахс ушланди. Уларнинг етакчиси бошқаларни калтаклаш учун 300−500 долларга ёллаган 17 киши ҳам ҳибсга олинди. Ҳолатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилди.

«Ўзбекистонга фойда келтириш учун». Алишер Усмонов бизнесни нега тарк этгани ҳақида

Алишер Усмонов журналистларга берган интервьюсида бизнесни тарк этганига изоҳ берди. «Ўзбекистонга ёрдам бериш, унга фойда келтириш учун бор имкониятларимни ишга соламан. Бу учун корпоратив активлар бошқарувидан кетдим ва ҳатто кўплаб лойиҳаларимда акциядор сифатида иштирокимни якунладим», — деди у.

Ўзбекистон-Миср ўртасида 1,6 млрд долларлик келишувлар имзоланди

Шавкат Мирзиёевнинг Мисрга ташрифи олдидан бўлиб ўтган бизнес форумда 1,6 млрд долларлик 20 дан зиёд битим ва шартнома юзасидан келишувларга эришилди. Шунингдек, Миср компанияси Ўзбекистонда 100 МВт қувватли шамол электр станциясини қурмоқчи экани билдирилди.

Ўзбекистон ва Миср президентлари муносабатларни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди

Қоҳирадаги «Ал-Иттиҳодия» саройида Шавкат Мирзиёев ва Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси музокара ўтказди. Икки мамлакат газ-кимё, тўқимачилик, электротехника, заргарлик ва фармацевтика тармоқларида ҳамкорлик бўйича келишиб олди. Шавкат Мирзиёев мамлакат раҳбарини Ўзбекистонга таклиф қилди.

Ўзбекистон ва Миср президентлари Россиянинг Украинага қарши уруши масаласини кўтардилар

Қоҳирадаги музокараларда Ўзбекистон ва Миср раҳбарлари Исроил-Фаластин муаммоси, Россиянинг Украинага қарши уруши ва Эфиопиянинг тўғон қуриш режаларига тўхталди. Президентлар ушбу масалалар бўйича мамлакатлар позициялари бир-бирига мос келишини таъкидладилар.

Пойтахтда 7 та вилоят ҳокимликларига меҳмонхона қуриш учун ер ажратилади

Тошкент шаҳри ҳокими вазифасини бажарувчи Бахтиёр Раҳмонов 7 та вилоят ҳокимликларига меҳмонхона қуриш учун ер ажратиш бўйича қарор қабул қилди.

Мирзо Улуғбек ва Чилонзор туманларининг баъзи жойларида газ таъминоти вақтинча тўхтатилди

Пойтахтнинг Мирзо Улуғбек ва Чилонзор туманларидаги айрим истеъмолчилар вақтинча табиий газдан узилди. Бунга таъмирлаш ишлари сабаб қилиб кўрсатилган.

Қорақалпоғистонда қурилаётган кўп қаватли уйнинг зинапояси қулаб тушди

Қонликўл туманида 5 қаватли уйнинг зинапояси қурилганидан 4 кун ўтиб қулаб тушди. Воқеа сабаб жабрланганлар йўқ. Ҳолат бўйича ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

Фармацевтика агентлигига янги раҳбар тайинланди

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигига Улуғбек Эгамов раҳбар бўлди. Агентликнинг аввалги директори Сардор Кариев «Док-1 Макс» ва «Амбронол» сиропи воқеалари ортидан ишдан олинганди.

Ер усти метро йўналиши остида жами 2700 ўринли автотураргоҳлар ташкил этилади

Тошкент шаҳар Яшнобод туманидан ўтувчи ер усти метро йўналиши эстакадаси остидаги ҳудудда 1200 ўринли бешта автотураргоҳ ҳамда Сергели туманидан ўтувчи ер усти метро йўналиши ҳудудида 1500 ўринли еттита, жами 2700 ўринли автотураргоҳлар ташкил этилади.

Метрода ўзини поезд тагига ташламоқчи бўлган йигит тўхтатиб қолинди

Тошкент метросининг «Пахтакор» бекатида 26 ёшли эркак ўзини поезд тагига ташламоқчи бўлди. Аниқланишича, у руҳий-асаб касалликлари диспансерида рўйхатда турувчи шахс бўлган. Йигит метрополитен ходимлари томонидан қутқариб қолинганидан сўнг, онасига топширилган.

Қаршида 22 ёшли йигит ўзини 10-қаватдан ташлаб, жонига қасд қилди

22 ёшли йигит Qarshi city`даги кўп қаватли уйнинг 10-қаватидан ўзини ташлаб юбориб, жонига қасд қилди. Терговга қадар текширувда у 2019 йилда руҳий муаммолар сабабли даволангани, ўша даврда ҳам жонига қасд қилишга урингани аниқланди.

2022 йилда тошкентликлар кибержиноятлардан 45,2 млрд сўм зарар кўрди

Тошкентда фуқароларнинг банк карталаридаги пулларини алдов йўллари билан ўзлаштириш ҳолатлари кескин ошди. 2022 йилда бундай кибержиноятлар оқибатида тошкентликлар камида 45,2 млрд сўм зарар кўрган. Бу пулларнинг бор-йўғи 9,2 млрд сўмга яқини ундириб берилган. ИИББ кенг тарқалган усулларни санади.

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимида янги тайинловлар амалга оширилди

Президент қарори билан Умид Мадаминов ва Аҳадбек Ҳайдаров қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосарлари этиб тайинланди. Шунингдек, Баҳром Шарипов Ипакчилик қўмитасига, Иброҳим Эргашев Ўсимликлар карантини агентлигига, Ҳусниддин Каримов Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлигига раҳбар бўлди.

Тошкент-Андижон йўловчи поездлари Наманган шаҳри орқали ҳаракатланади

Йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида 24 февралдан бошлаб 92/91 ва 94/93-сонли Тошкент-Андижон-Тошкент йўловчи поездларининг Наманган шаҳри орқали ҳаракатланиши йўлга қўйилади.

Тошкентда давлат ташкилотларига қуёш панеллари ўрнатишга салкам 400 млрд сўм йўналтирилади

Тошкент шаҳридаги 1000 дан ортиқ бюджет ташкилотига қуёш батареялари ўрнатиш режалаштирилмоқда. Бунинг учун 390 млрд сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилади.

Январда Германия импорт бўйича Ўзбекистоннинг 1-рақамли ҳамкори бўлди

2023 йил январь ойида Германия импортда Ўзбекистоннинг биринчи рақамли ҳамкорига айланди. Литва ва Франция ҳам Топ-10 савдо ҳамкорлар рўйхатига кирди. Статистика агентлигига кўра, импортнинг асосий қисмини 6 та самолёт ташкил этди.

NeMolchi.uz аёллар ва болалар хавфсизлиги бўйича қонунчилика киритилиши кутилаётган 7 та ўзгариш ҳақида эслатди

Жинсий эркинликка қарши жиноятлар ва болаларга нисбатан зўравонлик учун жазони кучайтиришни таклиф этувчи қонун лойиҳасида оиладаги зўравонлик ва таъқиблар учун ҳам моддалар мавжуд. NeMolchi.uz ҳужжат тез орада қуйи палатага юборилишини эслатиб, унинг тўлиқ нусхаси билан танишишни таклиф қилди.

Ҳиндистонда ўзбек-ҳинд ҳарбий машғулотлари бошланди

Ўзбекистон ҳарбийлари Ҳиндистонга етиб борди. У ерда 5 мартга қадар шартли террорчи гуруҳларни қидириш ва йўқ қилиш, тоғли ва ўрмонли ҳудудларда жанговар ҳаракатлар олиб бориш бўйича қўшма машғулотлар ўтказилади.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақолалар:

«2059 йилга бориб Ўзбекистонда ирмоқлар қисқариши ёки йўқолиб кетиши кутилмоқда» — қишлоқ хўжалиги мутахассиси Адриан Нил

Европа Иттифоқининг ASK дастури иқлим ўзгаришининг Ўзбекистон аграр секторига таъсирини таҳлил қилди. Лойиҳа раҳбари Адриан Нилнинг «Газета.uz»га айтишича, мамлакат қишлоқ хўжалигида иқлим ўзгаришига қарши мувофиқлашган миллий кураш йўқ. Шу боис соҳада қилинаётган ишлар натижаси сезиларли эмас.

Тараққий

Абдулҳамид Чўлпон томонидан салкам бир аср аввал ёзилган «Тараққий» мақоласида ўз тарихига қизиқмайдиган, ўз тилини ҳурмат қилмайдиган, ўйинқароқроқ (ҳозирги кунларнинг баъзи фаоллари томонидан «маънавиятсиз», «маънавиятдан узоқ» дея таърифланиши мумкин бўлган) ёшлар тоифаси кўрсатилган.