20 февраль куни Қозоғистоннинг Чимкент вилоятида отишма юз берди. Ҳозирда ҳужумни уюштирган шахс қўлга олинган, деб хабар бермоқда Tengrinews.kz.

Тарқалган видеоларда Чимкент кўчаларида эркак қуролланган ҳолда югураётгани ва одамлар ундан қочаётганини кўриш мумкин. Лавҳада, шунингдек, ўқ ва қичқириқ овози ҳам эшитилган.

Кейинроқ эркак полиция машинасини кўриб қолиб, ўша томонга борган. Полиция ходимлари бир муддат ўтиб, ҳужум уюштирган шахсни қўлга олган.

ИИВ матбуот хизмати хабарига кўра, соат 14:40 атрофида Иляев-Рисқулбеков кўчалари чорраҳасида жойлашган қурол-яроғ дўконида огоҳлантириш сигнали чалинган. Хавфсизлик хизмати ходимлари воқеа жойига етиб борган. Ичкарида номаълум қуролланган эркак ва ходимлар ўртасида отишма содир бўлган. Оқибатда қўриқчилардан бири жароҳатланган. Воқеа жойидан қочишга уринган шахсни ёрдамга келган патруль полицияси ходимлари ва Турон тумани ИИБ вакиллари қўлга олган.

«Бу шахс Чимкент шаҳрида ижарадаги квартирада яшовчи Ўзбекистон фуқароси бўлиб чиқди. Тергов давомида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ов милтиғи ва ўғирланган „Сайғоқ“ карабини [қисқа стволли ов милтиғи]ни қўлга киритди», — дейилади ИИВ хабарида.

Ҳозирда воқеа жойида тергов гуруҳи иш олиб бормоқда.