Тошкент шаҳри Ички ишлар бош бошқармаси пойтахтда жойлашган туризм намойиши объектларига ташриф буюрувчи хорижий ва маҳаллий сайёҳлар хавфсизлигини таъминлашда жамоатчи ёрдамчи сифатида кўнгиллилар (волонтёр)ни ҳамкорликка таклиф қилди. Бу ҳақда бош бошқарма ахборот хизмати хабар бермоқда.

Бунда кўнгиллилар Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходимларига туризм намойиши объектлари ва инфратузилмаси ҳудудларида сайёҳлар хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлашда кўмаклашиши назарда тутилган.

Жамоатчи ёрдамчи сифатида қуйидагилар жалб қилинади:

  • ўн саккиз ёшдан қирқ беш ёшгача бўлганлар;
  • соғлигининг ҳолати ва жисмоний тайёргарлиги бўйича белгиланган вазифаларни бажаришга қодир;
  • муқаддам судланмаган;
  • ички ишлар органларининг профилактик ҳисобида турмаган;
  • хорижий, устувор равишда инглиз ва рус тилларини биладиган;
  • яшаш ва ўқиш жойи бўйича ижобий тавсифланган кўнгиллилар.

ИИББ юқорида санаб ўтилган талабларга жавоб берувчи фуқаролар +99899 010 92 42 ва +99891 913 14 49 рақамларига мурожаат этиши мумкинлигини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилда Тошкент шаҳри ИИББ ходимлари пойтахтдаги меҳмонхоналарда тонги соат 5:00 дан бошлаб дам олаётганларни уйғотиб, ҳужжатларини текширганди. ИИВ бу ҳолатни «дунёда одатий ва тўғри қабул қилинади», дея изоҳлаган.

Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов «Газета.uz» сўровига асосан, ҳолат юзасидан муносабат билдирган. Унинг таъкидлашича, фуқароларнинг шахсини аниқлаш ва текшириш каби тадбирлар олдиндан белгиланган махсус режалар асосида хавфсизликни таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ҳамда тезкор-профилактик мазмундаги ишлар жараёнида амалга оширилади.