Ушбу иш ҳафтаси давомида Ўзбекистон ҳудуди илиқ ҳаво массаси таъсири остида бўлади, дея хабар бермоқда Ўзгидромет. Ҳарорат фони нисбатан текис бўлади. Ҳарорат асосан кечалари +2…+7, кундуз кунлари +13…+18, айрим кунларда +20…+22 даражагача илиши мумкин.

Ҳафтанинг катта қисмида Ўзбекистон ҳудуди бўйича ёғингарчилик кутилмайди. Фақат 22 февраль чоршанба куни республика бўйича баъзи жойларда бироз ёмғир ёғади, шимолий ҳудудлар, энг чекка жануб ва Фарғона водийсида ёғингарчилик кутилмайди. Айрим жойларда шамол тезлиги 15−20 м/с гача кучаяди.

Пойтахтда 20−24 февраль кунлари ҳаво бироз булутли, вақти-вақти билан ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Фақат 22 февралда куннинг иккинчи ярмида бироз ёмғир ёғиши мумкин. Шамол шарқдан 5−10 м/с тезликда эсади. Ҳарорат асосан кечалари +3…+6, кундуз кунлари +16…+20, 22 февралда +14…+15 даражагача илиқ бўлади.

Жума куни республиканинг шимоли-ғарбий ҳудудларига Россиянинг Европа қисми устида шаклланган совуқ ва нам ҳаво массаси кириб келиши бошланади. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида 24 февраль куни баъзи жойларда ёмғир ва қор кўринишидаги ёғингарчилик бўлади, кундузги ҳарорат 3−6 даража илиққача пасаяди. Бухоро, Навоий вилоятларининг баъзи жойларида бироз ёмғир ёғиши мумкин.

Дам олиш кунлари совуқ ва нам ҳаво массасининг кириб келиши республиканинг барча ҳудудларига тарқалади.