Олий таълим вазири Иброҳим Абдураҳмонов барча ОТМ ректорларига талабаларни жиноятчиликка мойил, ёт ғоялар таъсирига тушиш арафасида ва қоидаларга риоя этмайдиган каби гуруҳларга ажратиш топшириғини бергани хабар қилинганди. Вазирлик ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

«Шошилинч» ёрлиғи билан юборилган ахборотда талабаларни 3 гуруҳга ажратиш вазифаси юклатилганди. Вазир томонидан ўтказилган мажлисда ОТМларга берилган топшириқлар ижроси бўйича сифатли маълумотларни 3 кунда юбориш сўралган.

Вазирлик ҳолатга изоҳ берар экан, ректорлар билан мунтазам равишда онлайн йиғилишлар ўтказиб турилишини, ОТМ ва филиаллар раҳбарларига жўнатилган хат ҳам айнан йиғилишда билдирилган фикр ва мулоҳазалардан келиб чиқиб берилган топшириқлигини ва улар ОТМлар ички тартиб-қоидаларига алоқадорлигини маълум қилди.

«ОТМ тартиб-қоидаларига амал қилмайдиган ёки бузган талабалар рўйхатини тузишдан мақсад талабаларнинг маънавий-моддий муаммоларини бартараф этиш, иқтидорини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш, талабаларнинг вақти ва имкониятларини билим олишга йўналтириш, талабалар ва мураббийлар орасида дўстлик муҳитини яратишдир», — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, хатда ОТМ раҳбарлари ва профессор-ўқитувчилар алоҳида эътибор талаб этиладиган талабалар билан индивидуал ишлашлари назарда тутилган. Бунда вазирлик раҳбарларининг ҳам талабалар билан мулоқотлари йўлга қўйилади.

Шунингдек, «олий таълим муассасаларида электр энергия билан таъминлайдиган қуёш панелларини ўз маблағлари ҳисобидан ўрнатиш ишларини амалга оширишни тизимли бошлаш» бўйича топшириқ ҳам келтирилган. Вазирликка кўра, топшириқ ҳозирги кундаги глобал муаммо — энергия тақчиллиги масаласи ижобий ҳал этилиб, талабаларнинг қулай ўқиб, дам олишлари учун шароит яратишга қаратилган.

«Яна бир топшириқда тизим тўғрисида берилаётган фикрлар, соҳадаги ютуқ ва камчиликлар ҳақида холис фикр билдириш мақсадида талабаларни ОАВда янада фаолроқ бўлишга чақириш, ҳодиса ва воқеликка бир томонлама қарашнинг олдини олиш юзасидан тушунтиришлар олиб бориш мақсад қилинган. Бунда тизим шаънини ҳимоя қилиш деганда, албатта, фақат ижобий эмас, балки холис, асосланган танқидий фикрни илгари суриш ҳам тушунилади», — дейилади вазирлик изоҳида.

Хабарда айтилишича, «Ёшлар ўртасида пайдо бўлаётган ёмон иллатлардан огоҳ қилиш мақсадида таъсирчан қисқа ҳикоялар нашр қилиш назарда тутилсин» деган топшириқ ҳам контекстдан узиб олинган. Вазирлик томонидан ҳозирда шундай ҳикоялар тўплами нашр этишга тайёрланди ва уларни ОТМларнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ва каналларида эълон қилиниши назарда тутилган.

««Шараф кодекси»га келадиган бўлсак, бу ҳар бир ОТМ талабалари ва ўқитувчиларини бирлаштирувчи рамзларни, қадриятларни ишлаб чиқиш, илмий тадқиқотларга ундовчи йўналишларни белгилаш бўйича таклифлар тайёрлаш назарда тутилган. Ушбу кодекс талабалар, педагоглар, профессорлар ва битирувчиларни ўз олий таълим муассасаларидан ғурурланишларига, маслакдош бўлишларига хизмат қилади», — дейилади хабарда.

Шунингдек, вазирлик тизимнинг Таълим ва фан кенгаши ҳамда Жамоатчилик кенгаши ўз фаолиятини бошлашини маълум қилди.