2022 йилда Ўзбекистонда ойликлар ва ЖШОДС тўловларида қандай ўзгаришлар бўлди

2022 йилда Ўзбекистонда ойлигидан солиқ тўлаётганлар сони 215 мингга ошиб, 5 млн кишига етди. Уларнинг аксарияти ҳали ҳам 1−2 млн сўм маош олади, бироқ уларнинг улуши пасайишда давом этмоқда. Шу билан бирга, 4−5,5 млн сўм ва ундан ортиқ маошга эга бўлган солиқ тўловчилар сони кескин ошган.

Аброр Мухтор Алий жаримага тортилди

Ижтимоий тармоқ фаоли Аброр Мухтор Алий 6 млн сўм жаримага тортилди. У аввалроқ журналист Никита Макаренкони ҳақорат қилганди.

Ҳукумат пойтахтда кўп қаватли автотураргоҳлар қуришни режалаштирмоқда

Бунинг учун махсус давлат муассасаси ташкил этилади ва унга ер майдонлари тўғридан-тўғри ажратилади. Дастлаб транспортлар кўп тўпланувчи 4 та манзилда тураргоҳ барпо этилади. Улар онлайн аукционда тадбиркорларга сотилади.

Мактабларда 100 мингта тўгарак ташкил этиш учун 79,5 млрд сўм ажратилади

Президент фармони билан мактабларда 100 мингта бепул тўгарак ташкил этилади. Бу учун давлат бюджетидан 79,5 млрд сўм ажратилган бўлиб, тўгараклар йўналишини аниқлаш бўйича ўқувчилар ва ота-оналар ўртасида сўровномалар ўтказилади.

Туркманистон юборган бепул газ Қорақалпоғистон ва Хоразм аҳолисига тарқатилмоқда

Туркманистондан Ўзбекистонга ёрдам сифатида юборилган 2 минг тонна бепул суюлтирилган газнинг ярми Қорақалпоғистон аҳолисига тарқатилмоқда. Қолган минг тонна газ Хоразм вилоятига юборилади.

Хитой ҳамкорлигида яна икки вилоятда 2000 МВтга тенг қуёш фотоэлектр станциялари қурилади

Энергетика вазирлиги Жиззах ва Тошкент вилоятларида умумий қуввати 2000 МВтга тенг бўлган қуёш фотоэлектр станцияларини қуриш бўйича Хитойнинг икки компанияси билан ҳамкорлик ҳақида келишув .

Сурхондарёда МЧЖ раҳбари чет эл фуқаросидан 6 минг доллар олгани айтилмоқда

Термизда МЧЖ раҳбари чет эл фуқаросидан Ўзбекистонда доимий яшаш гувоҳномасини расмийлаштириб бериш эвазига 7000 доллар талаб қилиб, шундан 6 мингини олганликда гумонланмоқда.

«Ўзархив»даги 1917 йилгача бўлган даврга тегишли ҳужжатлардан 56 та йиғмажилд махфийликдан чиқарилди

Ўзбекистон миллий архивида сақланаётган тарихий давр (1917 йилгача) архив ҳужжатларидан 56 та йиғмажилд ўрнатилган тартибда махфийликдан чиқарилди. Бугунги кунда фойдаланувчилар ушбу ҳужжатлардан ҳеч қандай тўсиқсиз фойдаланишлари мумкин.

Қозоғистонда ўзбекистонлик эркак отишма содир этганликда гумонланмоқда

Чимкент вилоятидаги қурол-яроғ дўконига ҳужум уюштирилди. Қозоғистон ИИВ маълумотига кўра, буни ўзбекистонлик эркак содир этган ва у қўлга олинган. Хавфсизлик хизмати ходимларидан бири воқеа оқибатида жароҳат олган.

Uzbekistan Airways баҳор-ёз жадвалига ўтади

Uzbekistan Airways авиакомпанияси 26 мартдан баҳор-ёз парвозлар жадвалига ўтади. Мавсумда Нью-Йорк, Франкфурт, Рига, Тель-Авив, Боку, Тбилиси каби халқаро йўналишлардаги авиақатновлар ва маҳаллий рейслар сони оширилади.

Пойтахт ИИББ номаълум шахс мактаб ўқувчисининг қўлидан ушлаб олган видеога изоҳ берди

Тошкент шаҳри Яшнобод туманидаги мактаб яқинида 12 ёшли ўқувчининг қўлидан ушлаб олган эркакнинг шахси аниқланди. Туман ички ишлар ходимлари ҳолатни ўрганмоқда.

Қорақалпоғистонда Opel Astra ва Matiz иштирокидаги ЙТҲда бир киши вафот этди

Беруний туманида Opel Astra ва Matiz иштирокида йўл транспорт ҳодисаси содир бўлди. Воқеа сабаб Matiz автомобилидаги йўловчи вафот этди. Иккита ҳайдовчи жароҳатлари сабаб шифохонага ётқизилди.

Тошкентда «Монедан Кандинскийгача» мультимедиа кўргазмаси намойиш этилади

1 март куни Тошкентдаги «Ўзекспомарказ»да «Монедан Кандинскийгача. Санъатдаги инқилоб» мультимедиа кўргазма намойиш этилади. У ерда ташрифчилар тўққиз нафар модернизм рассомларининг асарларини томоша қилиши мумкин.

Сурхондарёнинг иккита туманида ноқонуний дарахт кесганлар аниқланди

Термиз туманида Ободонлаштириш бошқармаси истироҳат боғидаги 1 туп дарахтни кесгани учун бошқарма бош муҳандиси 3 млн сўм жаримага тортилди. Бунинг ортидан ўсимлик дунёсига қарийб 5 млн сўм зарар етди. Яна бир фуқаро саксовул кесиб, ўсимлик дунёсига 3,1 млн сўм зарар етказди.

Ҳафта давомида ҳарорат 22 даражагача исийди

Ўзбекистонда душанбадан жумагача ҳаво ҳарорати илиқ бўлади. Фақат чоршанба куни баъзи жойларда бироз ёмғир ёғиши мумкин. Ҳарорат асосан кечалари +2…+7, кундузи +13…+18, айрим кунларда +20…+22 даражагача исийди.

ОТВ талабаларни тоифаларга ажратиш топшириғига изоҳ берди

Олий таълим вазири Иброҳим Абдураҳмонов талабаларни одобига кўра гуруҳларга ажратиш топшириғини берганди. Вазирлик буни «маънавий-моддий муаммоларни бартараф этиш, мураббийлар билан дўстлик муҳитини яратиш» дея изоҳлади. Тартиблар ОТМларнинг ички қоидаларига алоқадор экани айтилди.

«Новза» метро бекатида савдо шохобчалари тикланади

Тошкент метрополитенининг «Новза» бекатидаги пиёдалар ўтиш йўлагида савдо шохобчалари тикланади. Бекат шаҳарсозлик нормаларига жавоб бериши ва йўловчи оқимининг меъёридалиги сабаб танланган. Пандемияда фаолияти тўхтатилган шохобчаларни тадбиркорларга ижарага бериш бўйича аниқ тартиб ҳозирча йўқ.

Фарғона горнизонида жанговар-тактик ўқув машғулотлари бошланди

Шарқий ҳарбий округга қарашли гарнизонда режалаштирилган жанговар-тактик ўқув машғулотлари бошланди. Бу вақтда шаҳар атрофида машғулотлар режасига мувофиқ жанговар техникалар ҳаракатланди. Синовларни маъсуллар кузатиб боради.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирига ўринбосарлар, турли ташкилотларга раҳбарлар тайинланди

Президент Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазирининг ўринбосарларини, шунингдек, вазирлик ҳузуридаги идоралар раҳбарларини тайинлади.

Ўзбекистон иқтисодиёт ва молия вазирига ўринбосарлар тайинланди

Президент Илҳом Норқулов, Эркин Рустамов, Адиз Бобоев, Анвар Каримов, Дилшод Султанов ва Гулнора Рахимовани Ўзбекистон иқтисодиёт ва молия вазирига ўринбосар этиб тайинлади. Омонулло Насритдинходжаев, Одилбек Исоқов ва яна бир қанча раҳбарлар молия вазири ўринбосарлари лавозимларини тарк этишди.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақолалар:

100 ёшга тўлган «Муштум»нинг карикатуралари

100 йил аввал — 1923 йил 18 февралида Қодирий асос солган «Муштум»нинг илк сони чиққан. Танқидий ҳажвиялар исталган нашрда чиқиши мумкин, аммо бу журнални ажратиб турувчи жиҳат — унинг ўткир карикатуралари эди. «Газета.uz» «Муштум»да чиққан ҳажв-суратлар тўпламини эътиборингизга ҳавола қилади.

«Муштум» таърифида

«Бу „Муштум“ — зўрлиқ муштуми эмас, ҳақлиқ муштумидир; бу „Муштум“ — золимлар муштуми эмас, мазлумлар муштумидир. Шунинг учун бунинг маъноси ҳам бошқачадир… Тумшуғингиз устига янги меҳмон муборак бўлсин, афандилар!..»

Йиғинди гаплар

«Дарҳақиқат, мамлакатда ислоҳотга муҳтож масалалар кўбдир. Масалан, катталарга ақл ва басират ислоҳоти, […] ёшларға ахлоқ ва кийим, хотинларга жабру зулм, домлаларға дин ва салла, […] ва ҳоказо ислоҳотларга ниҳоят даражада эҳтиёж кўбдир».