Энергетика вазирлиги Жиззах ва Тошкент вилоятларида умумий қуввати 2000 МВтга тенг бўлган қуёш фотоэлектр станцияларини қуриш бўйича «Huaneng renewables Corporation» ва «Poly Technologies» компаниялар консорциуми билан ҳамкорлик ҳақида келишув имзолади. Бу ҳақда вазирлик хабар қилди.

Келишувга асосан ушбу компаниялар консорциуми томонидан Ўзбекистонга 2 млрд доллар миқдорида тўғридан-тўғри инвестиция киритилади.

Ушбу қуёш фотоэлектр станцияларининг илк қувватлари 2023 йил якунига қадар, 2024 йилда эса тўлиқ қувватларда ишга туширилиши режалаштирилган. Натижада йилига 5 млрд кВт соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб, 1,3 млрд куб метр табиий газ тежалишига эришилади.

Эслатиб ўтамиз, 15 февраль куни Қашқадарё, Бухоро ва Самарқанд вилоятларида умумий қуввати 2000 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияларини қуриш бўйича Хитойнинг «CEEC ENERGY CHINA» компанияси билан англашув меморандуми имзоланган эди.