12 февраль куни соат 20:30 ларда Яккабоғ-Чироқчи-Шўрбозор автомобиль йўлида Gentra машинаси ҳайдовчиси пиёдани уриб қочиб кетди, дея хабар бермоқда Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати.

Яккабоғ тумани «Чўмич» маҳалласи ҳудудида фуқаролардан бири йўл четида одам ётганини кўриб қолган ва ИИБ ҳамда тез ёрдамга қўнғироқ қилган. Аммо жабрланувчи воқеа жойида вафот этган.

Шундан сўнг ҳайдовчига нисбатан қидирув эълон қилинган. Олиб борилган тезкор суриштирув давомида Яккабоғ туманида яшовчи 27 ёшли йигит ўзига тегишли бўлган Gentra автомобилида жабрланувчини уриб юборгани аниқланган.

«Қоронғи эди, қаршимдан келаётган машина фараси кўзимни олдими, у бола қайси томондан ўтаётганини билмадим, олдимда пайдо бўлиб қолди. Қўрқиб кетиб, тўхтаб тушолмадим, ўтиб кетиб, «Тез ёрдам»ни чақирдим. Ўзим эса қўрқиб келолмадим. Шундан ҳеч нарса бўлмагандир деб ўйладим», — деди ҳайдовчи.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, терговолди суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.