Нурдағи ва Эрзин шаҳарлари Туркиянинг жануби-шарқида бир-биридан 80 км узоқликда жойлашган. Уларнинг иккаласи ҳам 6 февраль куни Туркия ва Сурияда содир бўлган зилзила эпицентрига яқин эди (бу Туркияда 1939 йилдан бери содир бўлган энг йирик зилзила бўлди). Оқибатда Нурдағи бутунлай вайрон бўлди ва шаҳарни тўлиқ қайта тиклашади, Эрзинда эса ҳеч ким жабрланмади, бирорта ҳам бино вайрон бўлмади. «Газета.uz» «Эрзиндаги мўъжиза» қандай содир бўлгани ҳақидаги Meduza нашрида эълон қилинган мақоланинг таржимасини эътиборингизга ҳавола этади.

Туркия ҳукумати аҳолининг миллионлаб ноқонуний бинолар қурганига кўз юмди. Мутахассислар узоқ вақтдан бери бундай амнистия фалокатга олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириб келишган эди.

Эрзин шаҳрини фалокатдан нима қутқарганини таҳлил қилишдан олдин, бир қадам орқага чекинамиз ва Туркиянинг сўнгги ўн йилликлардаги қурилиш сиёсати қандай кўриниш олганини тушунишиб олишимиз керак. Сўнгги маълумотларга кўра, 40,6 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган зилзила бундай кенг кўламли оқибатларининг сабабларидан бири, кўпчилик уйларнинг ва Ражаб Тоййиб Эрдўғон даврида мамлакатда барпо этилган бошқа биноларнинг (қурилиш сифати зилзила қурбонлари сонини белгиловчи асосий омил ҳисобланади) сифатсизлиги дейилмоқда.

Республикада ҳақиқий «қурилиш васвасаси» 2000 йиллар бошида Эрдўғон бошчилигидаги Адолат ва тараққиёт партиясининг ҳокимиятга келиши билан содир бўлди. Туркия Статистика институти маълумотларига кўра, энг кўп зарар кўрган ўнта минтақадаги биноларнинг тахминан 51 фоизи 2001 йилдан кейин қурилган. Эътиборли жиҳати, Эрдўғон даврида Туркияда биноларнинг рухсат этилган максимал баландлиги 20 қаватдан 37 қаватга оширилган эди.

Шу билан бирга, республикада партия ҳокимияти даврида саккиз марта рўйхатга олинмаган қурилиш ишлари учун амнистия эълон қилинган. «Овоз ва пул учун [ноқонуний қурилишни] кечирдингиз, аммо зилзила буни кечирмади», — деди ҳукуматни танқид қилувчи Sözcü газетаси шарҳловчиси Эрдоған Сузер.

Тарихдаги энг сўнгги ва энг йирик қурилиш амнистияси 2018 йилнинг май ойида парламент ва президентлик сайловлари олдидан эълон қилинган эди. Ҳокимият қарорига кўра, 2017 йил 31 декабргача қурилган барча ноқонуний бинолар, шу жумладан, эгаларининг аризалари асосида ва тегишли тўловни амалга ошириш орқали амнистия қилиниши мумкин қилиб қўйилган. Амнистия пайтида жами 10 млн га яқин аризалар келиб тушган бўлиб, уларнинг 1,8 млн га яқини маъқулланган (хусусан, яқинда содир бўлган зилзиладан энг кўп жабр кўрган вилоятларда 294 мингдан сал кўпроқ бино амнистия қилинган).

Ўшанда давлат ғазнасига 25,5 млрд турк лирасидан кўпроқ маблағ тушган (ҳозирги курс бўйича тахминан 1,3 млрд доллар), бироқ кўплаб экспертлар бунинг ҳалокатли якун топиши мумкинлиги ҳақида аллақачон жар сола бошлашган эди: масалан, 2019 йилда Қурилиш муҳандислари миллий палатаси раиси Жемал Гекче амнистия учун масъул амалдорларни уларнинг қарорлари туфайли Туркия шаҳарлари «[зилзила содир бўлган тақдирда] қабристонга айланиши мумкинлиги» ҳақида тўғридан-тўғри огоҳлантирган эди.

«Эрзиндаги мўъжиза» — қатъий шаҳарсозлик сиёсати натижасидир: шаҳарда ноқонуний ва кўп қаватли бинолар қурилмаган

Жемал Гекченинг даҳшатли башорати 6 февраль куни ҳақиқатга айланди. Баъзи турк шаҳарлари деярли йўқ қилинди, лекин ҳаммаси эмас. Зилзиладан кейинги дастлабки кунларда Туркиядаги ҳақиқий қаҳрамон Эрзин шаҳри ҳокими Оккеш Элмасоғлу бўлиб, у ўзининг Facebook саҳифасида табиий офат пайтида аҳоли пунктида ҳеч ким ҳалок бўлмаганлиги ҳақида тезда эълон қилди. Қолаверса, 41 мингга яқин аҳолига эга Эрзинда бирорта ҳам бино вайрон бўлмаган ва бир нечагина уй қисман зарар кўрган.

Вазиятни янада яхшироқ тушуниш учун Эрзиндан 80 километр узоқликда жойлашган, аҳоли сони бир хил бўлган Нурдағи шаҳри билан солиштириб кўриш мумкин. Зилзила у ердаги уй-жойларни бутунлай йўқ қилди. «Биз катта қайғудамиз. Биз бутун уй-жойларни 100% бузамиз. Уйлардан бирининг вайроналари остидан 150 нафар жасадни олиб чиқдик. Биз ҳаммасини қайтадан тиклаймиз», — деди Ширнак вилояти губернатори Усмон Билгин.

Шаҳар ҳокими Элмасоғлу табиий офат оқибатларидаги бундай фарқни мўъжиза деб ҳисобламайди. У вайронагарчилик ва қурбонлар йўқлигини у ҳоким бўлган вақтларида шаҳарда ноқонуний бино барпо этилишига ҳеч қачон йўл қўймагани ва қурувчилардан барча зарур меъёрларга риоя қилишни талаб қилгани билан оқилона изоҳлади. «Мен ҳатто қариндошларимнинг уйларига муҳр босдим. Чунки биз қонун-қоидага амал қилувчи жамиятга айланмагунимизча, шундай азоб-уқубатларга дуч келаверамиз. Бунга нафақат маҳаллий ҳукуматлар, балки фуқаролар ҳам масъулдир», — деди Элмасоғлу зилзиладан бир ҳафта ўтиб берган интервьюсида.

Сиёсатчи журналистларга берган изоҳларида ўзини қаҳрамон деб ҳисобламаслигини таъкидлади. Унинг шахсига ҳаддан ташқари эътибор жамиятни зилзила оқибатларини бартараф этишдан чалғитишига ишониб, у яқинда интервью беришдан бутунлай воз кечишга қарор қилди. «Ишонинг, ҳозир бу мавзу атрофида жуда кўп баҳслар пайдо бўлмоқда, буни бутунлай бошқа томонга буриб юборишди», — дея жавоб берган Элмасоғлу Meduza сўровига.

Эрзин маъмуриятининг сайтида ҳозирги ҳокимнинг жуда оддий таржимаи ҳоли келтирилган. Унда унинг 1979 йилда туғилгани, маълумоти бўйича ҳуқуқшунос эканлиги, узоқ йиллар давомида адвокатлик соҳасида ишлагани кўрсатилган. Элмасоғлу уйланган, икки нафар қиз фарзанди бор.

2019 йил март ойида Элмасоғлу муниципал сайловларда мухолифатдаги Жумҳурият Халқ партияси номидан иштирок этди ва 60,4% овоз билан шаҳар ҳокими этиб сайланди. Бунгача у ўзидан олдинги ҳоким Қосим Шимшек даврида (2009−2019 йилларда) бўлганида узоқ йиллар Эрзин шаҳар кенгашини бошқарган.

Шимшек, ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партиясига тегишли бўлишига қарамай, ўз сўзлари билан айтганда, ноқонуний бинолар ва қурилиш меъёрларига риоя қилмаслик ҳолатларига жуда жиддий қараган. «Бугун яраларни даволайдиган кун, барчамиз чуқур қайғудамиз. Аммо юрагимдаги дардни енгган ҳолда айтишим мумкинки, биз муниципалитет сифатида ҳеч қандай қонунбузарликка йўл қўймадик. Шу маънода менинг виждоним тоза. Мен 50 йил аввал қурилган биноларга эга бўлган шаҳарни ўн йил давомида бошқардим», — деди Эрзиннинг собиқ ҳокими 12 февраль куни берган интервьюсида.

Шаҳар аҳолисининг айтишича, Эрзиннинг ўзига хос хусусиятларидан бири кўп қаватли биноларнинг йўқлиги: энг катта бинолар олти-саккиз қаватдан ошмайди, турар-жой биноларининг баландлиги эса тўрт қаватдан ошмайди.

Эрзин Туркияда зилзиладан қурбонларсиз омон қолган биринчи шаҳар эмас эди. 1999 йилда худди шундай муросасиз ҳоким Тавшанжилу шаҳрининг омон қолишига ёрдам берди.

Табиий офат оқибатлари, йўқотишлар ҳали тўлиқ ҳисобланмаган бир даврда, Туркияда 1999 йил 17 августда Истанбулдан 100 километр узоқликдаги Измит шаҳри яқинида содир бўлган худди шундай 7,6 магнитудали зилзилани эслашмоқда. Ўшанда 20 мингга яқин одам ҳалок бўлган.

Ушбу ҳодиса бугунги кундагиси билан солиштирилмоқда, чунки ўша пайтда ҳам бирорта биносига ҳам зарар етмаган ва бирорта ҳам одам жабрланмаган битта шаҳар бўлган. Зилзила эпицентрига қарама-қарши Измит қўлтиғи соҳилида жойлашган 4,5 минг аҳолига эга Тавшанжилу шаҳри ҳам шаҳар ҳокими Солиҳ Гюннинг уйлар ва бошқа биноларнинг ноқонуний қурилишига қарши қаттиқ курашгани туфайли омон қолган.

«Минтақамиздаги сейсмик хавфни инобатга олиб, олимлар билан маслаҳатлашдик. Уларнинг сўзларига кўра, ҳудуддаги биноларнинг рухсат этилган максимал баландлиги уч қаватдир. Биз ушбу тавсияга қатъий риоя қилдик», — деб эслайди Туркияда катта шуҳрат қозонган ҳоким.

Гюннинг айтишича, ҳоким бўлган даврда кўплаб нуфузли шахслар унга кўп қаватли уйлар қуриш учун лицензия бериш учун катта миқдорда пора таклиф қилган. «Агар рози бўлганимда, виллада яшашим ва бир нечта шахсий яхтага эга бўлишим мумкин эди. Аммо ўшанда шаҳримизда юзлаб қурбонлар бўларди», — деди у ва ўз сиёсатининг асоси «инсон тақдири ҳаммасидан муҳим» формуласи эканини таъкидлади.