17 февраль куни Тошкент халқаро аэропортида ўтказилган матбуот анжуманида Uzbekistan Аirports акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Раъно Жўраева 2022 йил якунларини сарҳисоб қилди ва 2023 йилга мўлжалланган режалар ҳақида сўз юритди.

Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ICAO) маълумотларига кўра, 2022 йил охирига келиб глобал йўловчи ташиш ҳажми пандемиядан олдинги 2019 йилга нисбатан 70 фоизга тикланган. Ўзбекистонда йўловчи ташиш ҳажми эса пандемиядан олдинги йилга нисбатан 22 фоизга ошиб, 7,9 миллион йўловчини ташкил қилди. 2022 йилда ўсиш 2021 йилга нисбатан 46 фоизга ошган.

2022 йилда Uzbekistan Аirways парвозлар частотаси ва йўналишлар сони кўпайиши ҳисобига ички рейсларда 2019 йилга нисбатан 30 фоизга — 1,7 миллион йўловчига хизмат кўрсатилди. 2021 йилга нисбатан эса ички йўловчи ташиш ҳажмининг ўсиши 82 фоизни ташкил этди.

«2023 йилда йўловчи ташиш ҳажмини 9,29 миллион кишига етказиш (2022 йилга келиб 18 фоизга ўсиш) режалаштирилган. Бундай кўрсаткичлар янги резидент авиакомпаниялар (Panorama Airways, Centrum Air, Air Samarkand, Sayohat Air, Semurg, Silk Avia) ташкил этилиши ва уларнинг паркини 34 та самолётга кўпайтириш, шунингдек, янги 20 та хорижий авиакомпанияни жалб этиш бўйича олиб борилаётган ишлар натижасида кутилмоқда», — деди компания раҳбари.

2022 йилда Ўзбекистон аэропортларига 28 та янги авиакомпания жалб қилинди, парвозлар тармоғи эса 73 та йўналишга кенгайтирилди. 2022 йилда йўналишлар қуйидагича тақсимланди: 47 фоиз — МДҲ мамлакатларига, 31 фоиз — Яқин Шарқ мамлакатлари, 15% фоиз — Осиё ва 7 фоиз — Европа мамлакатлари.

Раъно Жўраеванинг сўзларига кўра, юк ташуви бўйича ҳам кўрсаткичларнинг ўсиши кузатилмоқда. 2022 йилда Ўзбекистон аэропортларида 80,1 минг тонна юк ва почта жўнатмаларига хизмат кўрсатилди, бу эса 2019 йилга нисбатан 62 фоизга кўпдир. 2023 йилда юк ташиш ҳажмини 95,3 минг тоннага (2022 йилга бориб 19 фоизга ўсиш) етказиш режалаштирилган.

uzbekistan airports, раъно жўраева, тошкент халқаро аэропорти

Янги авиакомпанияларни жалб этиш ва йўналишлар тармоғини кенгайтириш ҳисобига 2022 йилда компаниянинг даромадлари 2021 йилга нисбатан 44 фоизга, экспорт тушумлари эса 35 фоизга ошди. Компания таҳлилчиларига кўра, 2023 йилда даромадлар 32 фоизга, экспорт тушумлари 8 фоизга ўсиши кутилмоқда.

2022 йил учун бюджетга солиқ тўловлари 2021 йилга нисбатан 159 фоизга ошиб, 560,7 миллиард сўмни ташкил этди. 2023 йилда бюджет тушумларини 590,8 миллиард сўмга етказиш режалаштирилган.