17 февраль куни Тошкент халқаро аэропортида янги авиация хавфсизлиги назорати зонаси очилди. Бу ҳақда унда иштирок этган «Газета.uz» мухбири хабар қилди.

Пойтахт аэропортида жорий этиган янгиликлардан бири — бу чегара (божхона) постида йўловчиларнинг инсон омилисиз паспорт назоратдан ўтиши. Ушбу жараёнда йўловчи паспортни сканерлайди, йўлак ўтишга рухсат берганидан кейин камера оқрали шахсини тасдиқлайди. Сўнгра авиация хавфсизлиги назорати зонасига ўтади.

раъно жўраева, стерил зона, тошкент халқаро аэропорти

Умумий майдони 935 квадрат метр бўлган авиация хавфсизлиги учун текшириш зонасида 9 та текширув йўлаги тиғиз вақтда 2400 нафаргача йўловчини ўтказиш имконини беради. Мухим янгиликлардан бири эндиликда йўловчилар пойабзалларни ечмасдан махсус қурилма орқали текширувдан ўтишлари мумкин.

Шунингдек, ёнувчан ва портловчи моддаларни, металл буюмларни аниқлаш имконини берувчи Италия компаниясга тегишли CEIA сканерлари орқали суюқлик идишларини очмасдан ўтиш имкони яратилди.

Залда қўл юки ва катта ўлчамдаги юкларни кўриш учун Smiths Detection (Германия) рентген жиҳози ўрнатилди. Кенгайтирилган хавфсизлик чораларини таъминлаш учун Leidos (АҚШ) компаниясининг ProVision2 бодисканерлар ҳам ўрнатилди. Улар йўловчиларни тез ва контактсиз текшириш имкониятига эга. Бодисканерлар кийим остидаги ва инсон танаси бўшлиғидаги яширин нарсаларни автоматик аниқлаш учун миллиметрли тўлқин технологиясидан фойдаланади. Бу металл ва бошқа темир буюмларни, қурилиши, портловчи моддаларни, суюқликларни, пластмассалар, кукунлар ва бошқа ман этилган буюмларни топиш имконини беради.

«Халқаро сертификатлари мавжуд ушбу тизим Ўрта Осиё давлатлари орасида биринчи бўлиб Тошкент ва Самарқанд аэропортларида ишга туширилди. Бу дегани кўрикдан ўтган йўловчини бошқа ҳар қандай халқаро аэропортлар қўшимча текширув стандартлари қўлламаган ҳолда қабул қила олади. Эсласангиз, 5−6 йил олдин Нью-Ёркка ва бошқа Европа мамлакатларига учиш учун бошқа давлатларга қўниб, қайтадан текширувдан ўтишга мажбур эдик. Ҳозир ундай эмас», — деди аэропорт хавфсизлик қурилмалари бўйича мутахассис, ITV Soft компанияси таъсисчиси Жамшид Раззоқов.

Унинг айтишича, олдин бир соат ичида 60−70 йўловчи текширувдан ўтказилган, ҳозирги тизим билан бу кўрсаткич 180−200 нафарга етади.

Шу куни аэрортда реконструкция қилинган стерил зонанинг чап қисми ҳам фойдаланишга топширилди. Янги ҳудудда яна бир Duty Free дўкони ва Art Bazaar савдо павильони очилди. Бу ерда ҳунармандлар, миллий гастрономия, гаджетлар ва халқаро сим-карталар, заргарлик буюмлари, болалар овқатлари, ширинликлар, дорихона ва кафе-бар мавжуд.

Стерил зонада электрон қурилмаларни қувватлантириш имкониятига эга биринчи коворкинг бурчаги ҳам ташкил этилди. Яқин келажакда терминалнинг турли жойларида яна бир нечта шундай бурчаклар ташкил этиш режалаштирилган.

«Март ойи охирига қадар стерил зонадаги яна бир блок фойдаланишга топширилади, унда кичик меҳмонхона, ҳаммом, таҳорат олиш ва намоз ўқиш хоналари ҳамда Anjir бизнес зали ишга туширилади. Бу мутлақо янги қурилиш бўлиб, аэропорт мажмуасини яна 875 квадрат метрга кенгайтириш имкониятини беради, бу эса халқаро ва трансфер йўловчилари учун қулай шароитлар яратади», — деди Uzbekistan Airports бошқаруви раиси Раъно Жўраева.

Унинг сўзларига кўра, Тошкент аэропортидаги аэродром мажмуасининг иккинчи учиш-қўниш йўлагини реконструкция қилиш ва замонавий ёритиш мосламаларини ўрнатиш жараёни якунланмоқда. Самолётлар учун 35 та турар жой — 3 та янги, 32 та жойни реконструкция қилишни лойиҳалаш эса давом этмоқда.