«Ўзавтосаноат» раиси Шавкат Умурзоқов Асака шаҳридаги заводда Chevrolet Onix автомобилининг тақдимоти давомида UzAuto Motors томонидан харид қилинган машиналарни етказиб бериш билан боғлиқ муаммога тўхталиб ўтди.

«Газета.uz» мухбири хабар беришича, у қўшимча пул тўлаб, автомобилни навбатсиз олиш имкони яратилиши, яъни халқ орасидаги «шапка»ни қонунийлаштириш мумкинлиги борасидаги саволга жавоб қайтарган.

«Мен бу таклифга қаршиман, нотўғри нарса. Бекорга ишлаб чиқаришда 500 минг билан чегараланмаймиз демадим. Автомашиналар навбати бутун дунёда бор. Мен бу билан уни тўғри ҳам демоқчимасман. Лекин бу нарса [автомобиль етказиб бериш муддатини камайтириш]ни фақат машина кўп ишлаб чиқариш билан енгамиз. Ўзимизда ишлаб чиқарилаётган машинани тезроқ олиш учун кўпроқ пул тўланг, десак, нотўғри бўлади», — деди «Ўзавтосаноат» раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, компания олдида жуда кўп ташқи ва ички муаммолар турибди. Умурзоқов бунга мисол сифатида 2018 йилда бир контейнер нархи 5 минг доллар бўлгани, ҳозир 15 минг долларгача ошганини келтирди.

«Машинамизни қимматлашяпти деймиз, лекин долларга чақсак, шу кунгача арзонлашди. Шунча солиқ тўлаяпмиз, лойиҳаларнинг бир сўмини ҳам давлатдан олмаяпмиз, ўзимизнинг даромадимиз ёки ривожланишимизни кўриб, пулларни ташқи молиявий институтлар беряпти», — деди Шавкат Умурзоқов.

«Андижоннинг ўзида бу йил 250−300 млн долларлик тўртта янги завод қурадиган бўлдик. Бу нима беради? Тасаввур қилинг, 2016 йил 80 минг машина чиққан, 2017 йил 120 минг чиққан. Бугун 330 минг чиқаряпмиз. Бу йил 400 мингдан ошиқ чиқарамиз. Навбат йўқ бўлади, ишонинг, фақат озгина сабр [қилинг]», — деди «Ўзавтосаноат» раиси.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2022 йилнинг февраль ойида машинасозлик саноати бўйича ўтказган йиғилишида автомобиллар учун олдиндан тўлов миқдорини 85 фоиздан 50 фоизга пасайтириш ва 1 майга қадар автомобиль сотиб олишдаги навбатларни тўлиқ бартараф этишга кўрсатма берганди.

Шунингдек, навбатда турган харидорларга автомобили етказиб бериладиган аниқ сана кўрсатилган хабарнома йўлланиши айтилганди. Ўшанда ички талабни қондириш мақсадида биринчи ярим йилликда 160 мингта, йил якунига қадар 275 мингта автомобиль ишлаб чиқариш зарурлиги қайд этилганди.

Бироқ бу билан мазкур муаммо ҳал бўлиб қолмади. Аксинча навбатлар муддати 2 ойдан ярим йилгача узайиб кетди. 2022 йилнинг февралида «Ўзавтосаноат» бошқаруви раиси Шавкат Умурзоқов Uzauto Motors автомобилларини харид қилишдаги навбатлар бузилиши дилерлар берган ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштиришда содир бўлаётганини маълум қилганди. Унинг сўзларига кўра, компания машина олишдаги навбатларни айланиб ўтиш ҳолатларига йўл қўймаслик мақсадида савдо маълумотлар базасини ЙҲХББ маълумотлар базаси билан интеграциялашни режалаштирмоқда.

4 март санасидан эса UzAuto Motors янги автомобилларига шартнома тузиш бошланган илк кундаёқ, сотилган машиналарнинг 52 фоизи қайта сотиш эҳтимоли билан харид қилинганини хабар қилди. Хусусан, бир шахс томонидан 35 та автоуловга шартнома тузилгани аниқланган. Компания қайта сотувчилар учун етказиб бериш муддатини яна 120 кунга оширишини эслатиб ўтди.

2022 йилнинг октябрь ойида UzAuto Motors 2023 йилдаёқ 500 мингта автомобиль ишлаб чиқариш, истиқболда эса бу кўрсаткични 1 миллионтага етказишни режалаштираётганини маълум қилганди.

2023 йилнинг 15 февраль кунидан эътиборан UzAuto Motors Chevrolet Onix автомобилини серияли ишлаб чиқаришни бошлади. Бироқ, автомобиль «Uzavto Motors» вакили 2021 йилда айтганидек, 9−12 минг доллар эмас, балки 13−16 минг доллар атрофида сотилмоқда. Шунингдек, Chevrolet Onix Premium ҳам тақдим этилди. Унда климат контроль, люк, орқа ўриндиқ иситиш тизими каби қулайликлар бўлади.