Вазирлар Маҳкамасининг 15 февралдаги қарори билан президент соврини учун «Рақамли технологиялар йўналишида энг яхши стартап» (President Tech Award) танловини ўтказиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Telegram`даги «Ҳуқуқий ахборот» каналида маълум қилинди.
Танлов 2023 йил май ойидан ҳар йили қуйидаги 5 та асосий йўналиш бўйича ўтказилади:
- сунъий интеллект технологиялари;
- ижтимоий йўналишда рақамли технологиялар;
- ахборот ва киберхавфсизлик технологиялари;
- тадбиркорлик ва молиявий технологиялар;
- компьютер ва мобил ўйин дастурлари.
72 соат ичида рақамли ечим яратишни назарда тутувчи Хакатон гран-приси эса махсус йўналишга айланади (100 000 доллар (битта ғолиб)).
Танловнинг асосий йўналишларида 30 ёшга тўлмаган Ўзбекистон фуқаролари бир жамоа таркибида (3−8 киши) қатнашади.
Махсус йўналишда Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки резиденти бўлган ташкилотларда ишлаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам (3−5 киши) иштирок этиши мумкин.
Танлов ғолиблари қуйидаги тартибда аниқланади:
- асосий йўналишлар бўйича — жамоатчилик томонидан махсус порталда овоз бериш орқали;
- махсус йўналиш бўйича — ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида хизматлар кўрсатувчи ташкилотлар томонидан.
Танлов ғолиблари қуйидагича тақдирланади:
5 та асосий йўналиш бўйича:
- 1-ўрин учун — 100 минг доллар;
- 2-ўрин учун — 50 минг доллар;
- 3-ўрин учун — 30 минг доллар;
- махсус йўналиш бўйича (битта) — 100 минг доллар.
Танловда иштирок этиш учун пул ундирилмайди.
IT матбуот хизматининг аниқлик киритишича, танлов 5 босқичда ўтказилади:
- аризаларни қабул қилиш — 1 майдан 1 июлгача;
- дастлабки саралаш — 1 июлдан 25 июлгача;
- танланган лойиҳаларни онлайн баҳолаш — 5 сентябрдан 5 октябргача;
- офлайн баҳолаш (демо куни) — 5 ноябрдан 10 ноябргача;
- ғолибларни аниқлаш ва тақдирлаш — 20 ноябрь — 25 декабрь.
Эслатиб ўтамиз, давлат раҳбари 2022 йил июль ойида IT соҳасида ёш иқтидорларни аниқлаш бўйича президент танловини ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватлаган ва унинг соврин фондига 1 миллион доллар ажратишни таклиф қилган эди.