Пайшанба куни соат 21:00да «Тошкент-Ўш» автомобиль йўлининг Қамчиқ довони орқали ўтувчи қисмида транспорт ҳаракати тикланди, деб хабар қилди Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати. Довон 15 февраль куни соат 22:40 да қор кўчкиси хавфи туфайли ёпилган эди.

Довон ёпилганидан сўнг, кучли қор ёғиши сабабли, ушбу йўналишнинг бир нечта қисмларида ўз-ўзидан қор кўчиши кузатилди. Республика идоралараро штабининг тезкорлик билан қабул қилинган довонни ёпиш тўғрисидаги қарори туфайли қор кўчкиси натижасида ҳеч ким зарар кўрмаган.

фвв, қамчиқ довони

Шу вақт мобайнида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбарлигида ихтисослаштирилган тузилмалар томонидан қор кўчкиларининг қайта кўчиш хавфини бартараф этиш бўйича ишлар олиб борилди. Довон ёпилгандан сўнг оралиқ ҳудудда бўлган ҳайдовчилар ва йўловчиларга транспорт воситаларини хавфсиз жойга олиб боришда ёрдам берилди. Шу вақт ичида довоннинг бир нечта жойларида барча ҳоҳловчилар учун иситиш пунктлари ишлаб турди. Шу билан бирга, Республика идоралараро штабининг қарори билан довоннинг ҳар икки томонида транспортни кутаётган одамлар учун бир нечта қўшимча икки томонлама темирйўл рейслари ташкил этилди.

фвв, қамчиқ довони

Қор кўчкиларини мажбуран тушуриш бўйича ишлар амалга оширилди. Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг раҳбарлигида Мудофаа вазирлигининг кучлари ва воситалари ёрдамида 5 та қорли тоғ ёнбағирлари хавфсиз ҳолатга келтирилган.

фвв, қамчиқ довони

Қор кўчкиси хавфини бартараф этишда Фавқулодда вазиятлар вазири Абдулла Қўлдошев бошчилигида Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Мудофаа вазирлиги, «Ўзгидромет», «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ, «Қамчиқавтойўл» ва бошқа тузилмалар вакиллари иштирок этди.

Қамчиқ довонида автотранспорт ҳаракати соат 21:00 да тикланди.