15 февраль куни Наманган туманида жойлашган чўян қуйиш цехидаги парогенератор (автоклав)да пар босими ортиб кетиши туфайли портлаш содир бўлди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура матбуот хизмати.

Ҳодиса оқибатида цехда ишлаётган 1 нафар ишчи тан жароҳати олди, 2 нафари ҳодиса жойида ҳалок бўлди.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 257-моддаси 2-қисми «а» банди (Одам ўлишига сабаб бўлувчи меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, юқорида келтирилган жиноятни содир этиш муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.