15 февраль куни Марказий Осиё давлатлари вазирларининг видеоконференция шаклидаги учрашуви чоғида қишлоқ хўжалиги самарадорлигини ошириш ва уни модернизация қилиш муҳокама этилди, деб хабар бермоқда БМТ ахборот хизмати.

Олтинчи йиғилиш Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) томонидан ўтказилди. Унда сўнгги ўттиз йилликда ер ресурсларининг етарли экани ва хилма-хиллигига қарамай, минтақа мамлакатларида қишлоқ хўжалиги маҳсулдорлигининг ўсиши секинлигича қолаётгани таъкидланди.

«Барқарор ёндашув билан қишлоқ хўжалиги самарадорлиги даражасини кўтариш Марказий Осиёда озиқ-овқат хавфсизлигини оширишга туртки бўлиши мумкин», деди FAOнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий вакили Владимир Рахманин.

Қишлоқ хўжалиги нафақат озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, балки минтақа мамлакатлари аҳолисининг муҳим қисмини иш билан таъминлаш учун ҳам муҳим ҳисобланади.

«Қишлоқ хўжалигининг барқарор ишлаши ва ривожланиши ҳам ички, ҳам ташқи манбалардан катта молиявий инвестицияларни талаб қилади», — деди Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов.

«Уларсиз меҳнат унумдорлигини оширадиган ва ресурсларни тежайдиган замонавий технологиялар ва инновацион усулларни жорий этиб бўлмайди. Бундан ташқари, қишлоқ жойларда ижтимоий ва иқтисодий инфратузилмани бир вақтнинг ўзида ривожлантириш, фермерлар малакасини оширишга катта маблағ йўналтириш муҳим аҳамиятга эга», — дея қўшимча қилди у.

Қишлоқ хўжалигининг юқори ўсишига эришиш фермерлардан янги технологиялар, хомашё, қишлоқ хўжалиги техникаси ва чорвачиликнинг замонавий усулларига сармоя киритишни талаб қилади. Вазирлар биологик хилма-хилликни, тупроқ унумдорлигини ва сувдан фойдаланиш самарадорлигини оширишга ёрдам берадиган инновацион молиялаштириш схемаларини муҳокама қилди.

Йиғилиш иштирокчилари қишлоқ хўжалиги ўсишини рағбатлантиришда максимал самарага эришиш учун давлат маблағларини тақсимлашда тасдиқланган замонавий ёндашувлар ҳақида ҳам маълумот алмашди. Буларга инфратузилмага (йўллар, ирригация тизимлари) сармоя киритиш, қишлоқ хўжалигида илмий тадқиқотлар ва таълимни рағбатлантириш, табиий ресурсларни бошқаришни яхшилаш киради. Бундан ташқари, солиқ схемалари, тўғридан-тўғри ва билвосита субсидиялар, тарифлар ва импорт квоталаридаги ўзгаришлар ҳам аграр секторнинг ривожланишига таъсир қилиши мумкин.

Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотларига кўра, ўтган йили қишлоқ хўжалигининг ялпи ички маҳсулотга қўшган ҳиссаси 25 фоизни ташкил этди. Секторда 3,6 миллионга яқин киши ишлайди. Мамлакат аҳолисининг 49 фоизи қишлоқларда яшайди. Айни пайтда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг 70 фоизи фермер хўжаликларида етиштирилмоқда.