Президентнинг 15 февралдаги «Ёқилғи-энергия ресурсларидан фойдаланиш соҳасида давлат назорати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Ҳужжат матни ЎзАда эълон қилинди.

Ҳужжатда электр энергияси, газ ва ичимлик сувига ноқонуний уланиб олиш ҳолатларига қонунчиликда белгиланган жазони оғирлаштириш бўйича топшириқ қайд этилди. Ушбу вазифа Бош прокуратура, Олий суд, ДХХ, ИИВ, Энергетика вазирлигига юклатилган ва тегишли қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш назарда тутилган.

Унга кўра, электр энергияси, газ ҳамда водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш орқали талон-тарож қилиш ҳолатларини ўғрилик жинояти сифатида белгилаш режалаштирилмоқда.

Ўзэнергоинспекцияга электр энергияси ва газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш (мансабдор шахсларга нисбатан) ваколати берилмоқда.

Ўзэнергоинспекция томонидан берилган ёзма кўрсатма ва тақдимномаларни бажармаганлик учун маъмурий жавобгарликни белгилаш ҳам назарда тутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ўғрилик учун Жиноят кодексининг 169-моддасида жавобгарлик белгиланган. Унга кўра, ўғрилик, яъни ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш — БҲМнинг 50 бараваригача миқдорда жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Бундан ташқари, ушбу модданинг 3-қисмида «ўғрилик нефть қувурларида, газ қувурларида, нефть ва газ маҳсулотлари қувурларида содир этилган бўлса — 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси» белгиланиши баён этилган.

Амалда эса МжТКнинг 101-моддасида Электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузишга жазо белгиланган.

Яъни, умумий фойдаланишдаги электр, иссиқлик, газ тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш ёки улардан фойдаланиш қоидаларини бошқача тарзда бузиш ёхуд электр, иссиқлик энергияси, табиий газни ҳисобга олиш асбобларига шу жумладан уларнинг пломбаларига қасддан шикаст етказиш ёки бундай ҳисобга олиш асбобларининг кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида уларга ташқаридан аралашиш — фуқароларга БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача, мансабдор шахсларга эса — 20 бараваридан 25 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Мазкур модданинг иккинчи қисмига асосан Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларида қурилган бинолар ҳамда иншоотларни электр энергияси, иссиқлик ва газ таъминоти ташкилотлари томонидан электр, иссиқлик ва газ тармоқларига ўзбошимчалик билан улаш — мансабдор шахсларга БҲМнинг 70 бараваридан 85 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши келтирилган.