Кунига 20 минг киши ўтадиган «Дўстлик» назорат-ўтказиш пунктида қирғизистонлик чегарачилар Ўзбекистон фуқароларидан ноқонуний равишда пул талаб қилмоқда, дея хабар бермоқда қирғизистонлик журналист Шоҳрух Соипов.

2022 йил ёзида Ўшдаги маҳаллий такси ҳайдовчилари Ўзбекистон фуқароларига қўпол муносабатда бўлаётгани ҳақида хабарлар тарқалган, бу ҳолат ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлганди. Шундан сўнг расмийлар Ўш аэропортидан Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасига қадар қатновчи микроавтобуслар фаолиятини йўлга қўйган ва муаммо бир қадар ҳал бўлган.

Журналист Шоҳрух Соипов шундай микроавтобуслардан бирига чиқиб, «Дўстлик» чегара пунктига йўл олган ўзбекистонликлар билан суҳбатлашган. Уларнинг таъкидлашича, чегарада Қирғизистон чегарачиларининг ўзбекистонликлардан очиқчасига пора талаб қилиши одатий ҳолга айланиб қолган.

«Чегарачи мендан 100 қирғиз сўми сўради, берсам, мушт туширди. Декларация тўлдиртиришим кераклигини айтди. Муҳр босаётган ходимнинг олдига борсам, чеккада кутиб туришимни айтди. Кейин мени қайта чақириб, бошлиғининг олдига боришимни тайинлади. Эшикни олдида турган одам бошлиғи экан. Борсам, 1000 қирғиз сўми бер, деди. Мен 200 сўм пулим борлигини айтдим. Кейин у 500 сўм талаб қилди. Пулимни айирбошлаб келиб, бердим. Шундан сўнг қўйиб юборишди. Бу ерда жуда мазах қилишаркан. Ҳаммамиз мусулмон одам бўлсак, шундай қилиш шарт эмас-ку», — деди ўзбекистонликлардан бири.

«Чегарадан ўтаётганимизда олдимиздаги бир ўзбек акадан ҳам пул сўрашди. У ёнида пули йўқлиги, акаси ҳозиргина чегарадан ўтиб кетганини айтди. „Нега ёлғон гапиряпсан?!“, деб кўз олдимизда уни уришди, буни ҳамма кўрди. Кейин ичкарига кирдик. У ерда Россия фуқаролигини олган бошқа бир ўзбекистонликка ҳам шундай муомала қилишди, „ўзбек бўла туриб, нега Россия фуқаролиги билан кириб келяпсан?“, деб ундан ҳам яхшигина пул олишди», — дейди Истанбулдан Ўшга қўниб, Ўзбекистонга қайтаётган ватандошлардан бири.

Унинг қўшимча қилишича, чегарачилар унинг ўзидан ҳам 50 минг ўзбек сўми сўраган, у эса 5 доллар бериб, чегарадан ўтиб кетган. «Улар пулни паспорт ичига солишни сўрайди. Паспортда пул бўлмаса, депортация бор деб, порага шама қилиб, кўз қисиб қўяди… Фуқароларни паспортни текширадиган хонага кирмай туриб, эшик олдида ушлашяпти», — деди Туркиядан қайтган ўзбекистонлик.

Шоҳрух Соиповнинг қайд этишича, Қирғизистон чегарачилари назорат-ўтказиш пунктида Ўзбекистон фуқароларидан пул талаб қилиб олаётганига ўзи ҳам гувоҳ бўлган.