Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида 39 ёшли аёлнинг 4 нафар эркак маҳалладоши томонидан зўравонликка учрагани айтилмоқда. Тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлаётган мазкур ҳолат бўйича Хотин-қизлар қўмитаси муносабат билдирди.

Таъкидланишича, 2022 йил 28 декабрь куни Бўстонлиқ туман ИИБга фуқаро И.Г. қўнғироқ қилиб, шу куни соат 05:00 да уйининг ётоқхонасида ухлаб ётган вақтида маст ҳолда бўлган маҳалладошлари унга нисбатан зўрлик ишлатгани, ожизалигидан фойдаланиб, уриб, тан жароҳати етказиб, зўрлаб номусига текканликларини маълум қилган.

«Жабрланувчи ўша куннинг ўзидаёқ туман тиббиёт шифохонасига ётқизилган, тиббий кўрикдан ўтказилган. „Чинбойлиқ“ МФЙ хотин-қизлар фаоли, туман хотин-қизлар масалалари бўйича мутасаддилари томонидан фуқаро ҳолидан хабар олинган, тиббий, психологик ёрдам кўрсатилган. Фарзандлари қўрқиб қолгани сабабли уларга психологик ёрдам кўрсатилиб, бувиси қарамоғига топширилган», — дейилади қўмита ахборотида.

Қайд этилишича, аёл ИИВ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси томонидан 10 февраль куни Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика марказига олиб келинган. У ва унинг фарзандларига психологик ёрдам кўрсатилмоқда.

Вилоят Ички ишлар бош бошқармаси матбуот котиби Бобур Тулягановнинг хабар беришича, ҳолат юзасидан 25−27 ёшли 4 нафар гумонланувчи (тезкор) процессуал тартибда ушланган. Уларга нисбатан Жиноят кодексининг 118-моддаси (Номусга тегиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Улар эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.

«Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Шунингдек, ҳолат юзасидан 10 га яқин суд тиббий ва бошқа турдаги экспертиза тайинланган», — дейилади ахборотда.

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 118 (Номусга тегиш) ва 119-модда (Жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш)лар билан жиноят иши қўзғатилган.
Туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тергов жараёни Тошкент вилояти прокуратураси томонидан назоратга олинган.