Тошкент шаҳрида ҳавонинг майда чанг зарралари билан ифлосланиш даражаси ҳавонинг «ўрта» ва «яхши» даражадаги ифлосланиш тоифасига кириб, инсон саломатлигига жиддий таъсир кўрсатмайди. Бу ҳақда 14 февраль, сешанба куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган брифингда Ўзбекистон Табиий ресурслар вазирлиги бошқарма бошлиғи Азиз Калимбетов маълум қилди (видео).

Баёнот House Fresh халқаро жамоатчилик лойиҳаси томонидан олиб борилган сўнгги тадқиқотларга жавобан берилди. Ўрганишлар ҳаво сифатининг ёмонлиги тошкентликлар саломатлигига бир йилда 503 дона сигарет чекилгандек таъсир қилишини кўрсатганди. Тошкент дунёнинг ифлосланган ҳавоси саломатликка энг кўп таъсир кўрсатадиган 20 та йирик шаҳарлар орасида Жакарта ва Олмаота ўртасида 16-ўринни эгаллаган.

Азиз Калимбетовга кўра, мамлакатнинг табиий хусусиятлари (қуруқ иқлим, қумли ва гилли тупроқ) сабабли атмосфера ҳавосида муаллақ заррачалар — чанг миқдори юқори ҳисобланади.

Тошкент шаҳрида 15 та кузатув постлар мавжуд бўлиб, 2021 йилдан 2 та Horiba (Япония-Германия) замонавий автоматик станцияси фаолиятини бошлаган. Тошкент шаҳрида 2 та замонавий автоматик станцияни ишга туширилиши илк бор атмосфера ҳавосидаги кичик ўлчамдаги РМ 2,5 моддаларни ҳам кузатиш ҳамда аниқ маълумотлар тайёрлаш имкониятини берган.

Мунтазам ўлчовлар шуни кўрсатадики, пойтахт ҳавосининг чанг зарралари билан ифлосланиш даражаси «ўрта» ва «яхши» бўлиб, бу «инсон саломатлигига жиддий таъсир кўрсатмайди», деди Табиат ресурслари вазирлиги вакили.

«Мақола эълон қилингандан кейин Табиат ресурслари вазирлигининг Тошкент шаҳри бошқармаси томонидан ўрганиш таҳлил ишлари олиб борилиб, шаҳар ҳудудининг бир нечта нуқталарида атмосфера ҳавосидан таҳлил учун наъмуналар олинди. Таҳлил натижаларига кўра, атмосфера ҳавосидаги зарарли моддалар миқдори меъёр даражасидан ортиқ ҳолатлар аниқланмади», — деди у.

Шу билан бирга, Азиз Калимбетов тегишли вазирлик ва идоралар мутахассислари томонидан House Fresh лойиҳаси томонидан чоп этилган маълумотлар юзасидан қўшимча илмий тадқиқотлар ва таҳлиллар олиб борилишини айтди.

Табиат ресурслари вазирлиги вакили Тошкент шаҳри ва бутун Ўзбекистон аҳолисини масъул идоралар томонидан атмосфера ҳавосининг умумий ҳолати бўйича доимий мониторинг ўрнатилгани ва аҳолининг ортиқча саросимага тушишига жиддий сабаблар йўқлигини маълум қилди.