Ўзбекистон Туркиянинг табиий офат содир бўлган ҳудудларига 170 тонналик инсонпарварлик ёрдамини жўнатди, деб хабар қилди Anadolu агентлиги.

Гуманитар акция Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги «Ёшлар келажаги» жамғармаси, Ўзбек-турк ишбилармонлар уюшмаси (UTİD), Ташқи иқтисодий алоқалар кенгаши (DEİK), Туркия Саноатчилар ва тадбиркорлар уюшмаси (MÜSİAD) Ўзбекистон бўлими ташаббуси билан ўтказилди. «Газета.uz» аввалроқ Туркия элчихонаси томонидан ташкил этилган Ўзбекистон аҳолисидан ёрдам йиғиш жараёни қандай кетаётгани ҳақида ёзган эди.

Туркияга юборилган инсонпарварлик ёрдами 45 тонна дори-дармон ва тиббий буюмлар, 8 тонна озиқ-овқат, 90 тонна нарсалар: кийим-кечак, поябзал, кўрпа-тўшак, уйқу қопчиқлари, болалар тагликлари ва гигиена воситаларидан иборат. Шунингдек, 130 та генератор, 700 та электр иситгич ва бошқа зарур буюмлар ҳам юборилди.

Гуманитар юк 6 та юк самолёти ва 7 та юк машинасида Туркиянинг турли минтақаларига етказилди.

Шунингдек, ҳозирда моддий маблағ йиғиш давом этмоқда. Туркия Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш бошқармаси (AFAD) томонидан йиғилаётган маблағ йиғиш ҳақидаги маълумот Ўзбекистон Марказий банки томонидан эълон қилинди.

Шу билан бир вақтда, Туркиянинг зилзиладан жабр кўрган ҳудудларида ўзбекистонлик ошпазлар 5 минг кишига икки маҳал овқат тарқатмоқда.

Бундан ташқари, табиий офат зонасида Ўзбекистондан 100 нафар қутқарувчи ва 71 шифокор ишламоқда, Истанбулдаги Ўзбекистон маданият, тадқиқот ва бирдамлик уюшмаси кўнгиллилари ҳам ёрдам бермоқда.

Эслатиб ўтамиз, 6 февраль, душанба куни Туркия жануби-шарқида 7,7 ва 7,6 магнитудали иккита зилзила содир бўлди. Бунинг оқибатида ҳалок бўлганлар сони 31,6 минг кишидан ошди.