Тошкент вилояти Қибрай туманида 22 январь куни икки киши бир нечта номаълум шахслар томонидан калтаклангани айтилган видео тарқалди. Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби ҳолат юзасидан маълумот берди.

Қайд этилишича, 1998 йилда туғилган Ш. А. ва 2003 йилда туғилган Ж.Х.ни уриб, жароҳат етказганлик ҳолати юзасидан тезкор суриштирув олиб борилган.

Ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатларга асосан Қибрай тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми «б» (Бир гуруҳ шахслар томонидан безорилик содир этиш) банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноятни фош этиш борасида олиб борилган тадбирлар давомида ушбу жиноятни 2000 йилда туғилган М.А. ҳамда Х.З. содир этгани аниқланиб, Қибрай тумани ҳудудида навбатдаги безориликни амалга ошириш мақсадида воқеа жойига келган вақтида ушланган.

Ҳозирда жиноят ишига алоқадор бўлган гуруҳ аъзолари ҳамда уларнинг бошқа жиноий ҳолатларини аниқлашга қаратилган суриштирув тадбирлари ҳамда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.