Прогнозлаш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) мутахассислари шаҳарларда транспортнинг рухсат этилган максимал тезлигининг пасайиши йўллардаги ўлим ҳолатлари ва транспортнинг ўртача тезлигига қандай таъсир қилишини ўрганди.

Эслатиб ўтамиз, январь ойидан бошлаб Тошкент шаҳрининг марказий қисмида, бутун Урганч ва Наманган шаҳарлари ҳамда бошқа вилоятлардаги шаҳарларнинг айрим қисмларида тезлик чегараси 70 км/соатдан 60 км/соатга туширилганди.

Максимал тезлик, ўртача тезлик ва йўлларда ўлим ҳолатлари ўртасидаги боғлиқликни ўрганиш учун ПМТИ мутахассислари 140 мамлакат маълумотларини таҳлил қилишди. Тадқиқот натижаларига кўра, тезликни пасайтириш ҳақиқатдан ҳам йўллардаги ўлимларни камайтиради, деган хулосага келинди, бу эса автомобилнинг ўртача тезлигига сезиларли таъсир кўрсатмайди.

Тадқиқотларга кўра, шаҳарларда энг юқори тезликни 10 км/соатга камайтириш ўлимни ҳар 100 минг кишига 0,8 кишига камайтиришга ёрдам беради. Ўзбекистон учун бу йилига 614 нафар инсон ҳаётини сақлаб қолиш дегани (ўтган йили йўл-транспорт ҳодисалари натижасида 2356 киши ҳалок бўлган).

Тадқиқотда қайд этилишича, агар қонун устуворлиги рейтинги яна 1 поғонага яхшиланса, йўлларда ўлим ҳоллари йилига 100 000 кишига яна 3,3 га камайиши мумкин

«Тезликни чеклаш фақат йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш ва тегишли инфратузилма мавжуд бўлганда вазият яхшиланган тақдирдагина ижобий таъсир кўрсатади», — дея таъкидлайди экспертлар.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳар йили дунё бўйлаб йўл-транспорт ҳодисаларида 1,3 млн киши ҳалок бўлади, 20−50 млн киши жароҳат олади. Бундан ташқари, иқтисодга ҳам катта таъсири бор. «Йўл ҳаракати хавфсизлигига инвестиция қилиш: глобал хусусий сектор мажбурияти» номли тадқиқот натижаларига кўра, бахтсиз ҳодисалар глобал иқтисодиётга йилига 518 млрд доллар зарар келтиради.

Паст тезликда содир бўлган аварияларда жароҳатланиш даражаси камаяди, бу эса иқтисодиётнинг ишчи кучини қайта қуриш ва соғлиқни сақлаш харажатларини камайтиришини англатади. Иқтисодий нуқтаи назардан қараганда, «авария»лардан олинган жароҳатлар нархи паст даромадли мамлакатларда (жумладан, Ўзбекистонда) ялпи ички маҳсулотнинг тахминан 1 фоизини, ўртача даромадли мамлакатларда 1,5 фоизини ва юқори даромадли мамлакатларда 2 фоизини ташкил этади.