12 февраль куни зилзила оқибатида Шонлиурфа шаҳрида вафот этган яна бир Ўзбекистон фуқаросининг жасади Истанбулдан Тошкентга юборилди. Бу ҳақда мамлакатнинг Истанбулдаги Бош консулхонаси хабар берди.

Қайд этилишича, жасад асли наманганлик 42 ёшли аёл М.Б.га тегишли.

Марҳуманинг яқинларига сабр тилаймиз. Бу борада Бош консулхонага моддий ва маънавий ёрдам берганларга ташаккур билдирамиз, — дейилади ахборотда.

Эслатиб ўтамиз, 11 февраль куни зилзила оқибатида Ҳатай шаҳрида вафот этган, Андижон вилоятида туғилган 56 ёшли У.Ҳ. ва Қаҳраманмараш шаҳрида вафот этган, Наманган вилоятида туғилган 40 ёшли Н. М.нинг жасади Ўзбекистонга юборилганди.

Бундан ташқари, Малатья шаҳрида бир нафар Ўзбекистон фуқароси зилзила оқибатида ҳалок бўлган. Умумий ҳисобда ҳозиргача 4 нафар Ўзбекистон фуқароси зилзила қурбони бўлди.

Anadolu маълумотларига кўра, Туркиядаги зилзилалар оқибатида айни вақтга қадар 29,6 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган. Қўшни Сурияда бу кўрсаткич 3500 дан ошган. Ҳудудлардан салкам 148 минг киши эвакуация қилинган.