Халқ депутатлари Тошкент шаҳри кенгаши маҳаллий бюджетнинг 2023 йилдаги қўшимча манбаларини харажатларга йўналтириш тўғрисида қарор қабул қилди. Иқтисодчи Отабек Бакиров қўшимча даромадларни тақсимлаш бошлангани ва ундаги айрим харажатларга эътибор қаратди.

«Рақамли пойтахтга 5 млрд сўм. Курашга 7,2 млрд сўм. Зарарларни қоплашга 50 млрд сўм. Қимматлаган реконструкция» сарлавҳали постда дастлаб Рақамли ривожлантириш департаменти ва «Рақамли пойтахт» марказига 5 млрд сўм ажратиш кўзда тутилгани келтириб ўтилган.

«Муаммо шундаки, мазкур департамент ва марказ бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан эмас, Тошкент шаҳри маҳаллий бюджети параметрларида акс эттирилган харажатлар ҳисобидан молиялаштирилиши керак. Бу бўйича президент қарорида шундай талаб акс этган», — деб ёзади блогер.

Унинг таъкидлашича, шаҳар бюджетидан курашга пул ажратилиши давом этмоқда. Кураш институти ва Кураш федерацияси ойлик иш ҳақи ва сақлаш харажатлари учун жами 7,2 млрд сўм йўналтирилади.

«Қизиқ тарафи, «кураш»чиларнинг иштаҳалари тобора очилиб бормоқда. Масалан, ўтган йили иккинчи қисми учун 3,1 млрд сўм ажратилган эди. Бутун дунёда турли федерация ва бало-бадтар пул ўзлаштирар институтлар ўзлари пул топади, канадек давлат бюджетига ёпишиб олмайди. Лекин Ўзбекистонда спорт ва спорт федерациялари бюджетга худди гиёҳванддек ўтириб қолган. Жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплашга 50 млрд сўм йўналтирилади. Демак, пойтахтда бузиш ва ер участкаларининг олиниши давом этмоқда. Эслатиб ўтамиз, Республика бюджетида ҳам зарарларни қоплашга 517 млрд сўм маблағ кўзда тутилган», — дея қайд этди иқтисодчи.

Мазкур қарорда айрим поликлиникалар ва мактабларни таъмирлаш учун харажатлар ҳам кескин қимматлашишни бошлаганини кўриш мумкин. Масалан, Мирзо Улуғбек туманидаги 8- сонли поликлиника реконструкциясига 13,2 млрд сўм ажратилган. Солиштириш учун, худди шу тумандаги 26- поликлиникани мукаммал таъмирлашга 2 млрд сўм йўналтирилади.

Юнусободдаги 1098 ўринли 265-мактаб реконструкциясига 12,3 млрд сўм ажратилади. Шайхонтоҳурдаги 320 ўринли 113 — мактаб реконструкциясига эса 1,1 млрд сўм йўналтирилади. Нисбатан ҳисобланганда ҳам, сметада 4 баробарига катта фарқ бор.

Умуман олганда, поликлиника, СЭС, мактаб ва боғчалар таъмиридаги таъмирлаш харажатларида катта фарқликлар яққол кўзга ташланади. Қийматни шишириш предметига нисбатан чуқурроқ ўрганиш керак бўлади, — дейилади постда.

Иқтисодчи бюджет тақсимотида яна айрим жиҳатларга эътибор қаратди. Жумладан, Тошкент бюджетининг илк ортиқча даромадларидан 214 млрд сўм поликлиника ва мактаб, боғча ва СЭСларни таъмирлашга йўналтирилган.

«Бу юқоридаги [„Қайси бири муҳим: таъмирлаш ёки янгиларини қуриш?“] саволни ўртага чиқаради. Бу ҳозирча почин холос. Пойтахтнинг аввалги ҳокими ҳам ҳеч кимдан сўрамай бюджетни тақсимларди, ҳозир муваққат раҳбар бўлиб тургани ҳам шу. Нима муҳимлигини, нима кераклироқлигини улар белгилашади. Гарчи билишмаса ҳам. Тошкентда мактаб етишмайди. Янгиларини қуриш керак. Лекин улар мавжуд мактабларни таъмирлаш зарурроқ деб ҳисоблашади. Тошкентда поликлиникалар етишмайди. Лекин улар бор поликлиникаларни таъмирлаган афзалроқ деб ўйлашади», — дейди Отабек Бакиров.

Иқтисодчи фикрини «Лекин ўта оғир келган ва ҳозирча ярқ этган ёруғлик кўринмаётган 2023 йилда ҳам аввалги 6 йилдагидек иш тутамизми? Бюджетни осмонга совуришда давом этамизми? Ё ўзимиз учун нима муҳимлигини, муҳимроқ эканини аниқлаб олишга киришамизми?» деган савол билан якунлаган.