Қозоғистоннинг Остона шаҳрида енгил атлетика бўйича ёпиқ иншоотлардаги Осиё чемпионати якунига етди, дея хабар бермоқда Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати.

Терма жамоа аъзоси Екатерина Воронина бешкураш дастурида иштирок этиб, 4386 очко тўплашга эришди ва жамоага илк отлин медални олиб берди. Уч ҳатлаб сакраш дастурида иштирок етган 16 ёшли Шарифа Давронова энг юқори натижа қайд этиб, япониялик ва хитойлик рақибларини ортда қолдирди ва олтин медални қўлга киритди.

Мусобақанинг сўнгги кунида терма жамоа кумуш ва бронза медалларига эга чиқди. 4×400 метрга югуриш бўйича эстафета баҳсида стартга чиққан қизлар иккинчи бўлиб марра чизиғини кесиб ўтди. Улар қайд этган 3:46:45 дақиқалик натижа янги миллий рекорд сифатида қайд этилди.

Шунингдек, узунликка сакраш секторида Токио-2020 олимпиадаси иштирокчиси Дарья Резниченко 6,37 метр билан бронза медалига сазовор бўлди. Шу тариқа терма жамоа мазкур мусобақада 2 та олтин, 1 тадан кумуш ҳамда бронза медалларига сазовор бўлди.