Афғонистон муваққат ҳукумати ташқи ишлар вазири ўринбосари Шермуҳаммад Аббос Станекзай «Толибон» барча фуқароларга, хусусан, аёллар ва қизларга иш ва таълим олиш имкониятини беришини билдирди, деб хабар бермоқда Афғонистон ахборот агентлиги TOLO news.

Ташқи ишлар вазири ўринбосари мамлакатдаги нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини юқори баҳолади.

«Ислом Амирлиги ҳукумати мамлакатдаги барча афғон опа-сингиллар ва биродарлар учун ислом формати, афғон анъаналари ва шариат асосида ишлаш ва ҳаттоки таълим олишлари учун имкониятлар яратмоқчи. Бу йўналишда иш олиб борилмоқда ва биз бу яқин келажакда амалга ошишига умид қиламиз», — деди у.

Иқтисодиёт вазирлигининг маълум қилишича, ижтимоий-иқтисодий соҳада камида 260 та ташкилот фаолият юритмоқда.

«Ислом Амирлиги ташкилотлар фаолияти учун турли имкониятлар яратиб берган ва бу борада улар бизнинг эътиборимиз марказида бўлиб турибди», — деди иқтисодиёт вазири ўринбосари Абдуллатиф Назарий.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил август ойида «Толибон» ҳаракати ҳокимиятга келганидан сўнг аёлларга ўрта таълим олишни бутунлай тақиқлаганди. 2022 йил март ойида 1-синфдан 12-синфгача бўлган барча ўқувчилар мактабга бориши кутилган. Бироқ ўқув йилининг биринчи кунида 6-синфдан юқори синфда ўқийдиганларга мактабларга кириш тақиқланган ёки уларга дарс бошланганидан бир неча соат ўтгач, муассасани тарк этиш буюрилган.

2022 йил декабрь ойида Афғонистон муваққат ҳукуматининг Олий таълим вазирлиги ҳам талаба қизларнинг олий ўқув юртларига боришини тақиқлаш бўйича буйруқ берган. Бир неча кундан кейин ҳаракат ҳам барча маҳаллий ва хорижий ноҳукумат ташкилотларга (ННТ) аёлларни ишлатмасликни буюрган. Кўпгина ташкилотлар бунга жавобан мамлакатдаги фаолиятини тўхтатган ёки қисқартирган.