12 февраль куни Афғонистон темир йўл бошқармаси ва «Согдиана транс» ШК ўртасида Ҳайратон-Мозори Шариф темир йўлида эксплуатация ишларини давом эттириш тўғрисида янги келишув имзоланди, дея хабар қилди «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси матбуот хизмати. Янги келишувга кўра, «Согдиана Транс» 2 йил давомида ўз фаолиятини давом эттиради.

Бундан ташқари, томонлар биргаликда «Мозори Шариф» бекатига юкларни етказиб беришни тезлаштиришни келишиб олдилар. Ҳамда Афғонистон темир йўллари бошқармасининг маҳаллий мутахассисларини тайёрлашга алоҳида эътибор қаратдилар.

Эслатиб ўтамиз, «мамлакат ҳудудида темир йўлдаги техник ишлар ўз вақтида битмагани» сабабли 1 февралдан Ўзбекистондан Афғонистонга темир йўл қатнови вақтинча тўхтатилган эди. 8−10 февраль кунлари Термизда Афғонистон темир йўллари бошқармаси делегасияси билан учрашув ўтказилди. Унинг натижасида Афғонистон темир йўл бошқармаси ва «Согдиана транс» ШК ўртасида Ҳайратон−Мозори-Шариф темир йўлини эксплуатация қилишни келгусида давом эттириш бўйича янги шартнома имзолашга келишилди ва икки давлат ўртасида темир йўллари ўртасида юк ташуви тикланди.

«Ўзбекистон темир йўллари» матбуот хизматининг маълум қилишича, 10−11 февраль кунлари Афғонистонга 714 та юк вагони етказилган. «Бугунги кунга қадар юкларни етказиб бериш давом этмоқда», — дейилади хабарда.