«Ўзбекистон темир йўллари» 1 февралдан бошлаб 2 давлат ўртасида тузилган шартнома ўз вақтида бажарилмагани сабабли Ўзбекистондан Афғонистонга темир йўл қатнови вақтинча тўхтатилганини маълум қилганди. Темир йўллар ўртасида юкларни ташуви тикланди, дея хабар бермоқда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.
8−10 февраль кунлари Термиз шаҳрида Афғонистон темир йўллари бошқармаси раҳбари Байтуррахмон Шарофат бошчилигидаги афғон делегасияси билан учрашув ўтказилди. Унинг натижасида Афғонистон темир йўл бошқармаси ва «Согдиана транс» ШК ўртасида Ҳайратон−Мозори-Шариф темир йўлини эксплуатация қилишни келгувсида давом эттириш бўйича янги шартнома имзолашга келишилди.
Томонларнинг келишувига кўра, Афғонистон томонига йўналтирилган вагонларни «Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг «Согдиана транс» томонидан Хайратон станциясига етказиб бериш 10 февралидан қайта тикланди.
Музокаралар якунида эришилган келишувлар бўйича баеннома имзоланди, дейилади хабарда.