«Газета.uz» мухбирлари январь ойида кучли қор ёғиши ва аномал совуқдан сўнг Тошкентда янги тротуарлар ва велосипед йўлаклари шикастлана бошлаганига эътибор қаратди.

Пойтахт марказидаги Шаҳрисабз кўчасида шу ҳафтада ободонлаштириш хизмати ходимлари бетон бўлакларини супуриб, тозалади.

велойўлак, тротуар, тошкент

Пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати «Газета.uz» сўровига жавобан туман ҳокимликлари томонидан пиёдалар йўлаклари инвентаризациядан ўтказилиб, уларни капитал ва жорий таъмирлаш режаси тайёрлангани ҳақида маълумот берди. Об-ҳаво яхшиланиши биланоқ ишлар бошланиши кутилмоқда.

Мутахассислар зарар миқдори ва таъмирлаш харажатларини ҳисоб-китоб қилишди. Ишлар кимнинг ҳисобидан амалга оширилиши — бюджетми ёки пудратчи — ҳозирча номаълум, дея қайд этди матбуот хизмати.

Ёмғирдан кейин кўчаларда чуқурлар пайдо бўлгани ҳақидаги саволга жавобан шаҳар ҳокимлиги ҳар йили февраль ёки март ойларида кўчаларнинг йўл қисмини таъмирлаш бўйича ҳоким қарори чиқарилишини таъкидлади. Ҳозирча бундай ҳужжат қабул қилингани йўқ.

«Газета.uz» бетондан қурилган янги пиёдалар ва велосипед йўлакларининг сифати, қулайлиги ҳақида кўп маротаба саволларни ўртага ташлаган. Шаҳарнинг кўплаб ҳудудларини олиб қараганда, янги пиёдалар йўлаклари аллақачон эскирганининг гувоҳи бўлиш мумкин. Ҳаракатланиш учун шароитларнинг ёмонлашувидан ташқари, бетон зарралари шаҳарни ифлослантириб, чангни янада кўпайтиради.