Урганч шаҳрида иккита масъулияти чекланган жамияти раҳбарлари ҳудудий тижорат банки филиалидан ажратилган кредитни талон-торож қилганлиги аниқланди. Бу ҳақида Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти маълум қилинди.

Департаментнинг Урганч шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговда қадар текширувда, «B.M.» МЧЖ раҳбари Б.Ж. ва бошқалар тижорат банки филиалидан ажратилган кредит эвазига харид қилинган тиббиёт ускуналарини бошқа шахсларга сотиб юбориб, жами 5,8 млрд сўм кредит маблағини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилгани аниқланган.

Шунингдек, текширувда, «K.H.» МЧЖ раҳбари А.С. ҳудудий тижорат банки филиалидан кўп қаватли уй-жой қуриш учун ажратилган 4,5 млрд сўм кредит эвазига гаровга қўйилган 3 та хонадон ҳамда маиший хизмат кўрсатиш шохобчасини бошқа шахсларга сотиб юбориб, кредит маблағини қўлга киритгани аниқланди.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 168-моддаси (Фирибгарлик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.