Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети фаолияти ўрганилганида унда бир қатор хато ва камчиликларга йўл қўйилгани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Келтирилишича, олийгоҳга ўқишга қабул қилишда қонунчилик талаблари бузилган. Жумладан:

  • ижодий имтиҳонларни ўтказиш учун 10 та йўналиш бўйича 3 кишидан кам бўлмаган таркибда комиссия шакллантирилмаган;
  • 21 та спорт тури бўйича ўтказилган ижодий имтиҳонларда айнан бир шахс бир вақтда комиссияларга раислик қилган;
  • 24 та таълим йўналиши бўйича 189 нафар абитуриентнинг имтиҳон натижалари баённомаларда ҳаққоний акс эттирилмаган;
  • 26 нафар абитуриентнинг ижодий имтиҳон натижалари баённомаларда кўрсатилмасдан, асоссиз баҳоланган;
  • от спорти, хоккей, фигурали учиш, тоғ чанғиси бўйича спорт иншоотлари мавжуд бўлмаса-да, 500 нафардан ортиқ абитуриент шу йўналишларга ўқишга қабул қилинган;
  • 90 нафар абитуриентнинг ижодий имтиҳон баллари ошириб қўйилиб, талабаликка қабул қилинган.

Бунинг оқибатида ижодий имтиҳонлардан энг юқори балл тўплаб, давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинган 30 нафар талаба 1-семестр якуни бўйича қониқарсиз баҳо олган.

Худди шу каби қонунбузилиш ҳолатларига университетнинг Фарғона филиалида ҳам йўл қўйилган. Университетда ўқишга қабул квоталари ҳам сунъий равишда оширилиб, 3160 ўринли университетга 13 634 нафар ёки сиғимга нисбатан 4,5 баравар кўп талабалар қабул қилинган.

Сўнгги 2 йилда талаба ва ўқитувчилар томонидан жами 6 та коррупциявий ва 23 та бошқа турдаги жиноятлар содир этилган. Текшириш давомида ўтказилган тадбирда талабалар Д.И. ва Ж.С. фуқаро Ғ.М.ни ўқишга киритиш учун ундан 5 минг доллар олган вақтида ушланган.

Бундан ташқари, 587 нафар ўқитувчи ва ходимга 1,2 млрд сўм рағбатлантириш пуллари ҳамда ўтилмаган дарс соатлари учун 172 млн сўм маблағ ноқонуний тўланиб, талон-торож қилинган. Аниқланган ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, ҳозирда тергов олиб борилмоқда.