Тошкент шаҳрининг Чилонзор ва Сергели туманлари ҳамда Андижон вилояти Хўжаобод туманида кучли таъсир қилувчи дори воситаларнинг муомалага киритилишининг олди олинди. Бу ҳақида Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти маълум қилинди.

Хусусан, департаментнинг Янгиҳаёт тумани бўлими томонидан ИИББ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилди. Тадбирда фуқаро М.А. ва бошқалар Чилонзор тумани «Беш чинор» МФЙ ҳузурида жами 826 дона «Регапен» номли таъсир қилувчи дори воситасини фуқаро А.А.га 28,9 миллион сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Шунингдек, Департамент ва ДХХнинг Хўжаобод тумани бўлимлари томонидан ИИБ ходимлари ҳамкорликда ҳам тезкор тадбирда ўтказди. Унда фуқаро Ж.К. «Янги- Фарғона» МФЙ ҳудудидаги «Дўстлик» назорат постида 560 дона «Регапен» дори воситасини ўтказиш мақсадида олиб келаётганлиги аниқланиб, далил сифатида олинган.

Департаментнинг Мирзо Улуғбек тумани бўлими томонидан ДХХ ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро И.И. Сергели тумани, Янги Қўйлиқ кўчасида жами 182 дона «Регапен» дори воситасини фуқаро Х.С.га 100 АҚШ доллари ва 2,9 миллион сўмга сотган вақтида ушланиб, унинг автомобили ва яшаш хонадонида 364 дона «Регапен» номли дори воситаси ашёвий далил сифатида олинган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 251−1- моддаси (кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.