Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистонда иқтисодий бошқарувни яхшилаш учун 150 млн долларлик кредит ва 400 минг долларлик грант ажратишни маъқуллади, дея хабар бермоқда банк матбуот хизмати.

ОТБ Иқтисодий бошқарувни яхшилаш дастурининг 2-фазаси биринчи кичик дастури давлат сектори бошқаруви ислоҳотларидаги банкнинг олдинги кўмагини давом эттиради ва чуқурлаштиради.

Дастур Ўзбекистон ҳукуматига молиявий бошқарувнинг самарадорлиги ва шаффофлигини ошириш, давлат корхоналари бошқаруви ва фаолиятини такомиллаштириш, шу жумладан, рақобатни рағбатлантириш ва ишончли коррупцияга қарши кураш ва аудит тизимлари ёрдамида давлат сектори ҳисобдорлигини ошириш мақсадида ҳуқуқий, тартибга солиш ва институционал базани ислоҳ қилишга кўмаклашади.

Биринчи кичик дастур доирасидаги ислоҳотлар фискал хавф ва давлат қарзини бошқаришни кучайтириш, гендер жиҳатларни ва яшил бюджетни инобатга олган ҳолда бюджетни тузиш орқали давлат ресурсларини тақсимлашни яхшилаш ҳамда ахборот технологияларига асосланган солиқ бошқаруви орқали ички ресурсларни сафарбар қилишни яхшилашга қаратилган. Шунингдек, улар ижтимоий ҳимоя қамровини кенгайтиради ва коррупцияга қарши кураш ва аудит тизимлари самарадорлигини оширади.

Бундан ташқари, дастур Ўзбекистоннинг «яшил» иқтисодиётга ўтиш стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга оширишни қўллаб-қувватлайди. Аниқ миллий режа ҳукуматга Париж келишуви бўйича ўз мажбуриятларини бажаришга, инфратузилмани модернизация қилишга ва ишчи кучини «яшил» иш ўринлари учун зарур бўлган кўникмаларга ўргатишга ёрдам беради, дейилади хабарда.

«Давлат сектори инвестициялари учун фискал майдон яратиш, давлат хизматларини кўрсатиш сифатини ошириш ва Ўзбекистонда хусусий секторни ривожлантириш учун қулай муҳит яратиш учун давлат корхоналарининг молиявий шаффофлигини ошириш, корпоратив ва профессионал бошқарувини такомиллаштириш ва монополияга қарши кураш тизимларни мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этади», — деди ОТБнинг давлат бошқаруви бўйича бош иқтисодчиси Чидем Акин.

Шунингдек, 400 минг доллар миқдоридаги техник кўмак гранти ислоҳотларни амалга оширишга ёрдам беради.